Ўзбекистон | 10:31
3842
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди

Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотида иқтисодий ва хавфсизликка доир ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинган. Мулоқотда АҚШ Давлат департаменти Самарқанддаги Регистон майдони архитектурасининг консервацияси учун 500 минг доллар ажратилишини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

13 ноябрь куни Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов, шунингдек икки мамлакат элчилари қатнашган.

Делегациялар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий муносабатлар, инсон ҳуқуқлари, одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Шунингдек, томонлар муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва Ўзбекистоннинг табиий газ инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо ва инвестицияларни диверсификация қилишни давом эттириш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни илгари суриш каби масалаларни муҳокама қилган. C5+1 дипломатик формати орқали конструктив ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Фото: АҚШ Давлат департаменти

«Делегациялар мудофаа вазирликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, чегара ва божхона органлари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш орқали хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг сентябрь ойида Божхона соҳасида ўзаро ёрдам тўғрисидаги битимни имзолагани учун олқишлади, бу эса божхона масалалари бўйича икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлидаги катта қадамдир. Қўшма Штатлар хавфсизликка потенциал таҳдидлар ва заифликларга жиддий муносабатда бўлиб, Ўзбекистоннинг таҳдидларни юмшатиш учун минтақавий ва киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди»,дейилади АҚШ давлат департаментининг баёнотида.

Шунингдек, томонлар ҳукуматнинг ислоҳот дастурига мувофиқ асосий эркинликлар – ўзини ифода этиш, фикр ва эътиқод қилиш ҳуқуқини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиришга келишиб олди. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг минтақадаги археология ва маданиятни сақлаш соҳасидаги етакчилиги учун миннатдорлик билдирди. Шу муносабат билан Давлат департаменти Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонидаги архитектура консервацияси ишлари учун «АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси» орқали 500 минг доллар миқдорида маблағ ажратилишини эълон қилди.

АҚШ-Ўзбекистон кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича илк мулоқоти 2025 йил Тошкентда бўлиб ўтиши бўйича келишилди.

Мавзуга оид