13:14 / 01.08.2022
3468

Латвия Россия билан соддалаштирилган сафарлар бўйича келишувни тўхтатди

РФнинг чегарадош минтақалар аҳолисига рухсатномалар беришни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор Псковдаги консуллик ёпилиши муносабати билан Латвия ҳукумати томонидан қабул қилинди.

Фото: AA

Латвия Россия билан чегарадош минтақалар аҳолисининг сафарларини енгиллаштириш тўғрисидаги келишувни тўхтатди. Латвия билан чегара яқинида яшовчи россияликлар учун ушбу сафарлар формати 1 август, душанба кунидан бошлаб бекор қилинди.

Бу қарор Ригадаги вазирлар маҳкамаси томонидан 14 июль куни қабул қилинган, у РФ расмийларининг Латвияда россияликларга чегара рухсатномаларини берган ягона дипломатик муассаса - Псковдаги Латвия консуллигини ёпиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ. Сеймнинг ташқи ишлар бўйича комиссияси ҳукуматга келишувни тўхтатиб туришни тавсия қилди. 2010 йилда Латвия ва Россия чегарадош ҳудудлари аҳолисининг енгиллаштирилган сафарлари тўғрисида битим имзоланган. 

Айни пайтда, Латвия Украинага босқин бошланганидан кейин Россия фуқароларига виза беришни тўхтатган ЕИ давлатларидан бири бўлиб турибди. Латвия ТИВ раҳбари Эдгар Ринкевич бутун ЕИни ушбу қарорга қўшилишга чақирди. 

Июль ойи охирида Эстония Россия фуқароларига вақтинчалик яшаш ва ўқиш визаларини беришни тақиқловчи қарор қабул қилди. Бундан ташқари, Таллин Россия ва Беларус фуқароларига ишлаш учун рухсатномалар бериш шартларини кучайтирди. Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу чораларни Украинадаги уруш туфайли РФга тинимсиз босим ўтказиш зарурати билан изоҳлади.

Билдирилишича, бу нафақат Украинанинг «ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллиги»ни қўпол равишда бузади, балки Эстония ва ЕИ хавфсизлигига таҳдид солади.

Top