Жаҳон | 08:57 / 02.08.2022
5317
2 дақиқада ўқилади

Болгарияда тадбиркор Гебревнинг ўқ-дорилар омбори портлаб кетди

Карнобат шаҳри яқинидаги омборхонада буюртма қилинган, лекин пули тўланмаган эски ўқ-дорилар сақланган, деб хабар қилди Эмилиан Гебрев. 2014 йилда тадбиркор Украинага қурол етказиб берганди.

Фото: AFP / Getty Images

Болгарияда 31 июль, якшанба куни 2014 йилда мамлакат шарқида можаро авж олган пайтда Украинани қурол-яроғ билан таъминлаган тадбиркор Эмилиан Гебревга тегишли ўқ-дорилар омборида портлаш содир бўлди, деб ёзади маҳаллий ОАВ.

Болгария миллий радиосининг хабар беришича, ҳодиса эрталаб мамлакат жануби-шарқида жойлашган Карнобат шаҳри яқинидаги собиқ армия казармалари ҳудудида содир бўлган. Портлаш натижасида омборда ёнғин бошланган, ҳеч ким жабрланмаган.

Гебрев содир бўлган воқеани изоҳлар экан, «биз ҳеч қандай инсоний хато ҳақида гапирмаяпмиз, бундай бўлиши мумкин эмас» деди. Унинг сўзларига кўра, омборда турли компаниялар томонидан буюртма қилинган, бироқ пули тўланмаган эски ўқ-дорилар сақланган.

Ўтган йилнинг апрель ойида Чехия расмийлари 2014 йилда Врбетица қишлоғидаги ҳарбий омборда 150 тоннага яқин ўқ-дорилар йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлган портлашларга Россия фуқароларининг алоқаси борлигини маълум қилган эди. Омборларни Imex Group хусусий фирмаси ижарага олган. Чехия ОАВнинг ёзишича, ўқ-дорилар Украина, Сурия ва бошқа мамлакатларга қурол етказиб бергани айтилаётган Гебрев компаниясига юборилиши режалаштирилган эди.

Россия Врбетицадаги портлашларни уюштиргани ҳақидаги айбловларни асоссиз деб атади. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, айбловлар «бемаъни, чунки улар далилсиз тақдим этилган». Ўз навбатида, Чехия бош вазири Андрей Бабиш портлашларни «мисли кўрилмаган террорчилик ҳаракати» деб атади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид