10:40 / 02.08.2022
9988

ДХХ катта миқдордаги наркотик моддаларни мусодара қилди 

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан катта миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда хизмат хабарида айтилган.

Фото: Видеодан кадр

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Пахтачи туманидаги “Самарқанд мунтазам” ЙПХ масканида “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди

Натижада, автомашинада Ургут ва Оқдарё туманларида яшовчи, 1991 йилда туғилган икки нафар фуқаро кетаётгани маълум бўлиб, улар ёнида 10 килограмм “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди ва ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Улар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу моддани Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.

Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Термиз туманида яшовчи, 1983 ва 1986 йилларда туғилган икки нафар фуқаро 2 килограмм 60 грамм “опий” моддасини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Улар Тожикистондан келтирилган ушбу гиёҳвандлик воситасини Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган фуқародан 28 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланиб, у ҳам ушланди.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод-Гулистон йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Боёвут туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Тожикистон фуқароси бўлган, 1964 йилда туғилган шахс ёнида 1 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, у мазкур наркотикни Қозоғистонга ўтказишни режалаштирган. 

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган Тожикистон фуқароси эса ўз шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи бўлган, 1992 йилда туғилган аёл билан Сурхондарё вилояти Денов туманига бориб, Тожикистондаги наркосавдогардан 11 минг АҚШ долларига сотиб олинган 976 грамм “опий” ва 994 грамм “гашиш” гиёҳванд моддаларини контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига ўтказади. Сўнг улар наркотик моддаларни олиб қайтаётган вақтларида Марғилон шаҳрида ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Ёзёвон туманидан Марғилон шаҳри томон ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1983 йилларда туғилган, муқаддам судланган икки нафар фуқаро ёнида Қирғизистондан олиб келинган 698 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган шахс 1 килограмм 961 грамм “гашиш” моддасини шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинди.

Бу йўналишда ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон туманида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаро ёнида 968 грамм “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди. У мазкур наркотик моддани Қирғизистондаги танишидан 7 минг АҚШ долларига сотиб олиб, учинчи шахслар имкониятлари орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 14 килограмм 734 грамм “опий” ва 3 килограмм 923 грамм “гашиш” моддалари мусодара қилинди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top