21:06 / 03.08.2022
26774

«Болонья», «Торино», «Вулверҳэмптон» – Шомуродов қайси клубга кўпроқ керак?

Фото: Getty Images

Жозе Моуриньонинг Элдор Шомуродовни «Рома»нинг мавсум олди сўнгги йиғинига олиб бормагани ортидан футболчининг агенти ўзбекистонлик ҳужумчининг клубини ўзгартиришга яқин экани ҳақида баёнот берди. Шундан сўнг Шомуродовнинг янги клуби қайси жамоа бўлиши ҳақидаги савол ўзбек футболи мухлисларининг диққат марказида турибди. Унга Италиянинг икки жамоаси ҳамда Англиянинг «Вулверҳэмптон» клуби қизиқиш билдираётган бўлса-да, Элдор айни дамда кўпроқ АПЛ клубига керакдек, назаримизда. 

«Рома» нимани хоҳламоқда?

Жозе Моуриньо Рим клубига Пауло Дибалани таклиф этгач, Шомуродовни янги мавсум режаларидан чиқарган. Элдор Исроилдаги сўнгги йиғинга борадиган ўйинчилар рўйхатидан тушиб қолгач, клуб спорт директори Тьяго Пинту римликлар 27 ёшли ҳужумчи борасида таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган. 

Дастлаб, TuttoSport нашри «Рома» ўзбекистонлик форвардини 18 миллион еврога баҳолаётгани ҳақида маълум қилганди. Бунда клуб Элдор учун 2021 йил «Женоа»га тўланган 17,5 млн евро трансфер харажатини чиқариб олишни кўзлаётганини тушуниш қийин эмасди. Аммо, тан олиш керак, ўтган мавсум римликлар сафида жами 39 ўйинда 5та гол ва 6та ассистга муаллифлик қилган иккинчи рақамли 27 ёшли форвард учун потенциал харидор ҳам бунча пул бермаслиги аниқ эди.  

«Бўрилар» билан 2026 йилгача шартномаси бўлган ва йиллик қарийб 2 миллион евро маошли футболчини шунчаки таркибда сақлаб қолиш эса клуб фойдасига ишламайди. Натижада клуб дастлабки музокаралардаёқ талабини анча пасайтирган – футболчини 10 миллион евро атрофида нархлаб, сотиб олиш шарти билан ижарага беришга шай. Бир йиллик ижарага бериб, қайтариш варианти кўриб чиқилмаслигини клуб спорт директори Тьяго Пинту маълум қилган. 

«Болонья» – асосий даъвогар

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчисининг «Рома»ни тарк этиши ойдинлашгач, инсайдер Никола Скира Шомуродовнинг янги мавсумни «Болонья»да бошлаши мумкинлиги ҳақида ёзди. 

Маълум қилинишича, болоньяликлар Шомуродовни «Рома»дан 9 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ижарага олишга тайёр. Фақат бунда «Болонья» раҳбарияти мажбурий сотиб олиш банди Шомуродовнинг мавсумдаги натижалари – голлар ва ассистлари сонига боғлиқ бўлишини келишувда акс этишини истамоқда.  

Бу жамоада Элдорни нималар кутади?

«Болонья» Элдорнинг Италиядаги илк клуби «Женоа» даражасидан нисбатан юқорироқ жамоа. А Серия 2021/22 йилги мавсумини 46 очко билан 13-ўринда якунлаган. Жамоанинг асосий голеадори австриялик Марко Арнаутович ҳисобланади – 33 ўйинда 14та голга муаллифлик қилган. Болоньяликлар 33 ёшли голеадорни «Ювентус» ва «Милан»га қўйиб юборишга рози бўлмаганликларини инобатга олсак, Марко янги мавсумда жамоанинг 1-рақамли форварди бўлиб қолиши аниқ. Арнаутовичдан ташқари, клубда Орсолини, Барроу, Сансоне сингари ҳужум чизиғи вакиллари ҳам бор. Шундай экан, асосан бир ҳужумчи билан ўйнашни афзал биладиган Синиша Михайлович Шомуродовни кўпроқ қанот вингери сифатида кўраётган бўлиши мумкин. Шунга қарамай, Элдор даражасидаги ўйинчилари бор бўлган бу клубнинг ўзбек футболчиси учун асосий даъвогар бўлиб турганини тушуниш қийин. Ёки Арнаутовичнинг унга қизиқиш билдирган «Ювентус» ёки «Милан»га ўтиб кетиш имконияти кун тартибидан олинмаган.  

«Торино» – Белотти ўрнига ўринбосар

Элдор Шомуродов учун Италиядаги иккинчи даъвогар сифатида «Торино» тилга олинмоқда. Инсайдер Ди Марцио томонидан янграган вариантга кўра, Турин клуби жамоани эркин агент сифатида тарк этган Андреа Белотти ўрнига «Рома»дан Элдор Шомуродовни таклиф этмоқчи. Белотти эса Элдорнинг ўрнига Жозе Моуриньо жамоасидан жой олиши кутилмоқда. Яна бир жиҳати ўзбекистонлик ҳужумчи римликлар сафини тарк этмагунча, «Рома» молиявий сабаблар туфайли Белоттини ўз сафига қўша олмайди. 

Бу жамоада Элдорни нималар кутади?

«Торино» ўтган мавсум А Сериядаги ўрнини зўрға сақлаб қолди. Турин клуби 37 очко билан 17-ўринни эгаллаб, лигада жон сақлашди. «Торино»нинг асосий ҳужумчиси Андреа Белотти билан эркин агент сифатида хайрлашгани ва унинг ўрнига ҳали ҳужумчи таклиф этмагани Шомуродов учун яхши имконият дейиш мумкин. Италиялик ҳужумчи ўтган мавсум туринликлар сафида А Серияда 22 ўйинда 8та гол ва битта ассистга муаллифлик қилганди. 

Хорватиялик мураббий Иван Юрич қўл остида ҳозирда парагвайлик ҳужумчи Антонио Санабрия ва хорватиялик форвард Марко Пьяца бор. Элдор туринликлар сафида улар билан рақобатга кириша олишига ишониш мумкин. Ҳар ҳолда ҳамюртимиз «Женоа»даги фаолияти давомида Пьяца билан бирга тўп суриб, рақобатда уни енггани ёдимизда. «Торино» «Аталанта»дан россиялик Алексей Миранчук билан яримҳимоя чизиғини кучайтиришга яқин. Шунга қарамай, трансферлардан қониқмаётган бош мураббий Иван Юричнинг яқинда клуб спорт директори Давиде Вагнати билан ёқалашиб қолгани шов-шувга айланганди. Туринликлар Шомуродовни таклиф этиб, клубнинг трансфер сиёсатидан кескин норози бўлаётган хорватиялик мураббийни ҳовуридан тушириши мумкин.  

«Вулверҳэмптон» - Хименес ўрнига Элдор

Элдор Шомуродовга Англия Премьер-лигасидан ҳам даъвогар клуб бор. Инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марционинг сайтида хабар беришича, Ўзбекистон миллий жамоасининг 27 ёшли ҳужумчиси «Вулверҳэмптон» сафига ўтиши мумкин. Инглиз клуби Шомуродов учун трансфер курашига қўшилган.

Англиянинг Sport Witness нашри хабарига кўра, «Вулверҳэмптон» клуби раҳбарияти 27 ёшли ҳужумчи трансфери масаласида «Рома» билан музокараларда олдинга силжиган. Қайд этилишича, «Рома» спорт директори Тиагу Пинту Англия Премьер-лигаси клубига Шомуродов масаласида ижара варианти кўриб чиқилмаслиги, Рим клуби Элдор билан хайрлашмоқчи эканини маълум қилган. Инглизлар эса молиявий жиҳатдан А Серия клубларидан манфаатли таклиф билдириши аниқ. 

Бу жамоада Элдорни нималар кутади?

«Вулверҳэмптон» АПЛ ўтган мавсумини 10-ўринда якунлаган бўлса-да, ҳужум чизиғининг самарадорлиги бўйича лигадаги энг ёмон 4 жамоадан бири бўлган – жами 38та гол киритган. Португалиялик бош мураббий Бруну Лаженинг ҳужум чизиғидаги муаммолари мавсум старти аввалида янада жиддийлашгач, «бўрилар» ҳужумчи қидира бошлаган. 

Хусусан, инглиз клуби янги мавсум олдидан жароҳатлар масаласида жиддий муаммоларга дуч кела бошлагач, Шомуродов номзодини кўриб чиқмоқда. Жумладан, 30 июль куни «Вулверҳэмптон»нинг «Бешиктош»га қарши ўртоқлик баҳсида (3:0) жамоанинг асосий форварди Рауль Хименес жиддий жароҳат олиб, биринчи бўлимнинг ўзида майдонни тарк этишга мажбур бўлган. Англиялик журналист Жон Персининг клуб шифокорларига таяниб хабар беришича, мексикалик форвард тахминан 8 ҳафтага сафдан чиққан. Натижада, клуб бош мураббийи олдида жамоага қайтган вингер Адама Траоредан камида икки ой ҳужумчи сифатида фойдаланиш ёки янги форвард таклиф этиш вариантини кўриб чиқиш қолган. 

Устига-устак «Вулверҳэмптон» икки ҳафта олдин Фабиу Силвани «Андерлехт» клубига ижарага бериб юборди. Икки йил аввал «Порту»дан 40 млн еврога сотиб олинган португалиялик 20 ёшли ҳужумчи клуб тарихидаги энг қиммат футболчи саналади. Таркибда ҳужумкор яримҳимоячи Нето ва захирада қолиб кетган Кутроне бўлса-да, Хименеснинг икки ойга сафдан чиққани Шомуродов учун ўзини АПЛда кўрсатишга яхши имконият бўларди. 

Юқоридагиларни инобатга олиб айтиш мумкинки, чинданам Элдорга ушбу уч жамоа қизиқиш билдираётган ва танлаш имконияти Шомуродовда қолган бўлса, АПЛга ўтиш варианти ҳар қайсидан ҳам жозибалироқ кўринмоқда. 

Усмон Ибодов

Top