Ўзбекистон | 20:38 / 03.08.2022
13733
3 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида газ таъминоти ходими пора билан ушланди

“Тошкенттумангаз” сервис ходими Nanila Farm компаниясининг қарздорлигини ёпиб бериш учун 700 доллар ва 300 минг сўм олаётганида қўлга олинди. Воқеа ортидан мазкур газ таъминоти бўлими бошлиғи ишдан олинди. “Ҳудудгазтаъминот” аҳолини огоҳлантириб, тизим автоматлаштирилгани сабабли газ ходимлари қарздорликни ёпиб бера олмаслигини маълум қилди.

Фото: Ōsten

Тошкент туманида “Тошкенттумангаз” сервис хизмати ходими Дониёр Ҳамидов 700 доллар ва 300 минг сўм пора олаётганда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг июл ойида “Nanila Farm” МЧЖ раҳбари Д.Ҳамидовдан янги газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатишда кўмак беришини ва 13 млн сўм миқдоридаги қарздорликни ёпиб беришини сўраган.

МЧЖ раҳбари бундан аввалроқ “Тошкенттумангаз” бошлиғи Илҳом Ёқубовга ёрдам сўраб мурожаат қилгани, аммо ундан рад жавобини олгани айтилмоқда.

Д.Ҳамидов эса тадбиркорнинг такрорий қўнғироқ ва илтимосларидан сўнг масалани ҳал қилишда кўмаклашишга қарор қилади ва мукофот сифатида 8 млн сўм сўрайди. Туман ошхоналаридан бирида келишилган суммани олаётган вақтда, у ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган.

Вазиятни ўрганиш давомида аниқланишича, “Nanila Farm” МЧЖ табиий газдан қарздорлиги учун газ таъминоти тармоғидан узиб қўйилган. Бугунги кунда, ўзига юклатилган вазифага лозим даражада ёндашмагани ва бепарво муносабатда бўлгани учун “Тошкенттумангаз” бошлиғи Илҳом Ёқубов билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Сервис хизмати ходими Дониёр Ҳамидовга нисбатан ўрнатилган тартибда жиноий иш қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳудудгазтаминот” газ таъминоти ходимлари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда зудлик билан 1104 қисқа рақамига мурожаат қилишни ёки Facebook'даги “Газ таъминотидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳига хабар юборишни сўрамоқда.

Компаниянинг қайд этишича, бугунги кунда тизимда замонавий ахборот технологиялари жорий этилган бўлиб, бунда инсон омилининг таъсир доираси мавжуд эмас.

“Ходимлар табиий газ ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига кириш, шунингдек газ истеъмоли ҳажмлари кўрсаткичларини камайтириш имкониятига эга эмас. Шу боис ҳар қандай ноқонуний келишишлар бефойда ва мантиқсиздир”, дейилади баёнотда.

Мавзуга оид