12:31 / 03.08.2022
3395

Евроиттифоқ Украинага 1 млрд евро миқдорида макромолиявий ёрдам ўтказди

ЕИ томонидан ажратилган миллиард евро Украинага «Россиянинг асоссиз тажовузидан сўнг ўз шошилинч молиявий эҳтиёжларини қондиришга» ёрдам бериши керак, дея таъкидлади Еврокомиссия раҳбари.

Фото: AFP

Евроиттифоқ Украинага янги макромолиявий ёрдам пакетидан 1 миллиард еврони тўлиқ ўтказиб берди. Бу ҳақда 2 август, сешанба куни Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

«Ушбу маблағлар Украинага Россиянинг асоссиз тажовузидан сўнг ўзининг шошилинч молиявий эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Бир миллиард евро Украинани ҳал қилувчи босқичда мустаҳкамлайди», деб ёзган у Linkedin ижтимоий тармоғида. 

Бош вазир Денис Шмигаль ушбу пакетидан Украинага дастлабки 500 миллион евро келиб тушганини бир кун аввал эълон қилиб, 2 августда яна 500 миллион евро кутилаётганини таъкидлади. Бош вазирнинг сўзларига кўра, бу маблағлар «бюджетнинг устувор эҳтиёжларини молиялаштиришга» ёрдам беради. 

Янги макромолиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор Европарламент ва ЕИ кенгаши томонидан 2022 йил 12 июлда қабул қилинган. У 2022 йил 18 майдаги ЕК хабарида эълон қилинган ва 2022 йил 23-24 июнь кунлари Европа кенгаши томонидан тасдиқланган 9 миллиард еврогача бўлган фавқулодда макромолиявий ёрдам пакетининг биринчи қисмидир. 

Бу миллиард евро ЕИ йилнинг биринчи ярмида Украинага кўрсатган ёрдамга, шу жумладан 1,2 млрд евролик фавқулодда кредитга қўшилади. Шу тариқа, уруш бошланганидан бери Украинага кўрсатилган макромолиявий ёрдамнинг умумий ҳажми 2,2 млрд еврога етди. 

Маблағлар Украинага имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар кўринишида тақдим этилади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top