Жамият | 20:00 / 04.08.2022
36697
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда яна «снос» ғавғоси: қурувчи нега аёлнинг бошига кружка билан урди?

Самарқандда «снос» қилинаётган уйидан чиқишни истамаётган аёл ва қурувчилар ўртасидаги жанжал видеоси тарқалди. Воқеа сабабларини ўрганиш мақсадида Kun.uz журналистик суриштирув ўтказди.

Facebook орқали кўриш:

YouTube орқали кўриш:

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат Самарқанд шаҳар аэропорти ҳудудидаги далаҳовлиларда истиқомат қилиб келаётган фуқароларни кўчириш жараёнида юзага келган. Тарқалган видеоларда икки томон ҳам бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани, куч ишлатгани акс этган. Хўш, аёлни тепган ва унинг бошига кружка билан урган қурувчилар ким? Улар нега бундай қилди?

Рустам Олимов

Самарқанд шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Рустам Олимовга кўра, аэропорт атрофидаги далаҳовлилар «снос»га тушган ва бош режага асосан қурилиш ташкилотлари мулк эгалари билан ҳисоб-китоб ишларини олиб бормоқда. Айнан зиддият келиб чиққан ҳудудда «Фаровон-Сити» МЧЖ томонидан кўп қаватли уйлар қурилиши кўзда тутилган. Ҳолат уйи бузилишга тушган Шаҳло Солиева ҳамда жамият иш юритувчиси Карим Сафаров ўртасида содир бўлган.

Воқеа иштирокчиси бўлган Карим Сафаров биз билан суҳбатда нега аёлни тепганини изоҳлади.

Карим Сафаров

Унинг айтишича, Шаҳло Солиевага 2022 йилнинг 28 июн куни уйнинг компенсацияси тўлаб берилган. Олди-берди жараёни тасвирга ҳам олинган. Бироқ аёл тўй қилишим керак, деб яна муддат сўраган. Айтилган муддат ўтиб бўлгач, Солиева билан муроса қилиш учун Сафаров яна ўша хонадонга боради. Карим Сафаров аёл уни ноўрин ҳақоратлагани, онаси ва хотинининг шаънига бўлмағур гаплар айтганини маълум қилди. 

«Шундан сўнг миям қизиб кетди, ўзимни тўхтата олмадим. Гарчи аёлга қўл кўтариш нотўғри бўлса ҳам айтаман, бунақа ҳақоратларга чидаб туриш осон эмас. Бу воқеа мен билан содир бўлганидан афсусланяпман. Биз аёлнинг далаҳовлисини ўзи истаган нархда сотиб олдик, пулини тўладик, у илтимос қилгач, тўйини ўтказиб олгунича кутиб турдик ҳам. Бироқ у нега яна ҳовлидан чиқиб кетмагани ва бизни ҳақоратлаганини рости тушуна олмайман», деди Сафаров.

Аёлнинг бошига кружка билан урган видеодаги яна бир эркак эса Карим Сафаровнинг акаси Рустам Сафаров экан. У ҳам укаси ва онасининг ҳақоратланганини қабул қила олмаган.

Биз Шаҳло Солиева билан телефон орқали боғланиб, унинг ўзидан ҳам асл вазиятни эшитмоқчи бўлдик. Аёл аввалига телефонни кўтариб, пулни олганини тан олди. Биз у билан учрашиб, тўлиқ тафсилотни эшитиш мақсадимиз борлигини билдирдик. У бироздан кейин ўзи қайта қўнғироқ қилмоқчилигини айтди ва телефонни ўчирди.

Бироқ Солиева шундан кейин қўнғироқларимизга бошқа жавоб бермади. Шу сабабли у яшаган Зарафшон маҳалласига бориб, қаерга кўчиб кетгани билан қизиқдик. Бироқ маҳалладагилар бизга аёлнинг янги яшаш манзилини топиб беришолмади.

Қайта-қайта уринишларимиздан сўнг телефонни Солиеванинг ўғли кўтарди. У онасининг ҳолати яхши эмаслиги, қаттиқ асабийлашганини билдирди. Бир сўз билан айтганда, Солиева биз билан учрашишни истамади.

Қўлимиздаги далилларга кўра, Солиева уйи учун ўзи сўраган маблағни бир ой аввал олган ва хоналарни бўшатиб бермаган. Қурилиш ташкилоти эса атрофдаги барча турар-нотурар жойларнинг эгалари билан келишувга эришиб бўлган ва Солиеванинг уйи унга муаммо бўлиб турган. Айнан мана шу жараёнда икки томон ҳам қуюшқондан чиққан.

Биз борганимизда Солиева яшаган хонадон бузиб бўлинган экан. Уйнинг материалларини ҳам оиланинг ўзи олиб кетибди.

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат бўйича терговолди текширув-суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид