17:19 / 08.08.2022
8642

Хитой Тайван атрофида ҳарбий машқларни давом эттирмоқда

Хитой ҳарбий қўмондонлигининг маълум қилишича, Тайван қирғоқлари яқинидаги мунтазам манёврлар чоғида кемаларга қарши ва денгиз ҳужуми амалиётлари ўтказилмоқда. Дастлаб, машғулотлар 7 августга қадар режалаштирилган эди.

Фото: Getty Images

Хитой Халқ-озодлик армияси (ХХОА) 8 август, душанба куни Тайван ороли атрофидаги денгиз ва ҳаво ҳудудида кенг кўламли ҳарбий машғулотларни давом эттирди. ХХОА жанговар қўмондонлигининг Шарқий ҳудуди баёнотига кўра, ушбу машғулотлар доирасида «кемаларга қарши ва денгиз кучларининг қўшма ҳужум операцияларини ташкил этиш» ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Пекин Жануби-Хитой ва Сариқ денгизларда жанговар отишма машғулотларини ўтказишга тайёрланмоқда. Машқлар қачон тугаши ҳақида хабар берилмаган. Дастлаб улар 7 августда тугаши керак эди. 

Тайван Ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг машқларни узайтириш қарорини қоралаб, мамлакат атайлаб инқироз келтириб чиқараётганини маълум қилди. Идора Пекинга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш талаби билан чиқди. 

4 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси оролга ташриф буюрганидан кейин Хитой ҳарбий машғулотлари Тайван атрофидаги олтита ҳудудда бошланди. ХХОА Шарқий жанговар қўмондонлик зонаси маълум қилишича, манёврлар Хитой армиясининг қуруқликдаги нишонларга зарба бериш ва денгиз ҳужумларини амалга ошириш қобилиятини синаб кўриш учун мўлжалланган. 

Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби У Цянь 8 август куни бу манёврлар АҚШ ва Тайван учун «керакли огоҳлантириш» эканлигини айтди. Бу уларнинг провокацияларига «адолатли ва ўринли» жавоб, деди у. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Тайван бўғозидаги ҳозирги кескин вазиятни «атайлаб» яратган ва Пекин норозилигига қарамай Пелосининг оролга ташриф буюришини ташкил қилган. 

Top