Ўзбекистон | 11:30 / 12.08.2022
9462
2 дақиқада ўқилади

1 январдан йўловчи ташиш йўналишлари функциясига кўра уч турга бўлинади

“Ҳудудларда йўловчи ташиш тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб йўловчи ташиш йўналишлари функциясига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

  • шаҳар йўналишлари - магистрал, боғловчи, ҳалқа ва етказиб берувчи йўналишларга;
  • шаҳар атрофи йўналишлари - магистрал, боғловчи ва етказиб берувчи йўналишларга;
  • шаҳарлараро йўналишлар - магистрал ва боғловчи йўналишларга.

Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари 2023 йил 1 январга қадар ҳудудларда йўловчи ташиш йўналишлари янги тармоқлари мазкур бандда белгиланган тартибда жорий этилишини таъминлайди.

Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг 2024 йил 1 январдан бошлаб шаҳардаги магистрал, боғловчи, ҳалқа йўналишларида ҳамда шаҳар атрофидаги магистрал ва боғловчи йўналишларда, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда фақат автобус ва микроавтобуслардан (М2 ва М3 тоифали автотранспорт воситалари) фойдаланиш бўйича таклифлари маъқулланади.

2023 йил 1 январдан бошлаб барча автовокзал ва автостанцияларда шаҳарлараро ва халқаро автобус йўналишлари бўйича ягона электрон онлайн чипта сотиш тизими жорий этилади.

Транспорт вазирлиги автовокзал ва автостанциялардаги жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ва “онлайн” мониторинг қилиш мақсадида жорий йил якунига қадар “Е-Vokzal” электрон платформасини ишга туширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид