Жаҳон | 14:30 / 12.08.2022
10383
3 дақиқада ўқилади

WP: ФҚБ Трампнинг уйида ядро қуроли билан боғлиқ ҳужжатларни қидирган

АҚШ Адлия вазирлиги мамлакат собиқ президенти Доналд Трампнинг уйида тинтув ўтказиш учун берилган ордерни эълон қилишга чақирди. The Washington Post’нинг ёзишича, ФҚБ агентлари ядро қуролига оид махфий материалларни қидирган.

Фото: AP

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Флоридадаги қароргоҳини тинтув қилиш чоғида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари, жумладан, ядро қуролига оид махфий ҳужжатларни ҳам қидирган. Бу ҳақда 11 август, пайшанба куни The Washington Post (WP) газетаси терговдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди. 

Нашр суҳбатдошлари қидирилган материалларнинг мазмуни ҳақида қўшимча маълумот бермади. Хусусан, уларда АҚШнинг ёки бошқа давлатнинг ядро қуроли ҳақида гап боргани аниқ эмас. Шунингдек, улар тинтув чоғида бундай ҳужжатлар топилгани ёки йўқлигини айтмаган.

АҚШ Адлия вазирлиги 11 август куни суддан ФҚБ ходимларига Трамп қароргоҳида тинтув ўтказишга рухсат берган ҳужжатларни ошкор қилишни сўради. Бош прокурор Меррик Гарленднинг матбуот анжуманида маълум қилишича, бундай қарор «собиқ президентнинг тинтув ўтказилишини ошкора тасдиқлаши, унга тааллуқли ҳолатлар ва жамоатчиликнинг бу масалага жиддий қизиқишини ҳисобга олган ҳолда» қабул қилинди. Шунингдек, у тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисидаги қарорни шахсан маъқуллаганини таъкидлади.

Трамп ордер ва олиб қўйилган ҳужжатлар рўйхатини чоп этишга аралашмаслигини айтди. «Мен бу ҳужжатларнинг эълон қилинишига нафақат эътироз билдирмайман. Мен бу ҳужжатларни зудлик билан эълон қилишга чақираман», деб ёзади у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

8 август куни ФҚБ ходимлари АҚШ собиқ президенти Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳини тинтув қилиш учун огоҳлантиришсиз келган. Трампнинг сўзларига кўра, агентлар унинг сейфини бузишган. Тинтув вақтида Трампнинг ўзи Нью-Йоркда бўлган. Сиёсатчининг фикрича, шу йўл билан «ўта сўл демократлар» у 2024 йилда президентликка ўз номзодини қўймаслигига эришмоқчи.

ФҚБ собиқ президентнинг уйида тинтув ўтказилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида изоҳ бермади. Бироқ, Америка ОАВнинг терговга яқин манбаларга таяниб хабар қилишича, суд томонидан рухсат этилган тинтувга Трамп Оқ уйни тарк этганда ўзи билан олиб кетган махфий ҳужжатлар сабаби бўлган бўлиши мумкин, аслида улар Миллий архивга топширилиши керак эди.

Февраль ойида Миллий архив Трампнинг Мар-а-Лагодаги қароргоҳидан 15 қути ҳужжатлар мусодара қилинганини тасдиқлади. Улар орасида Трампнинг Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан расмий ёзишмалари, шунингдек, Трампдан аввалги президент Барак Обаманинг Овал кабинетда қолдирган мактуби бор эди. 

Қонунга кўра, президентлик муддати тугаганидан кейин унинг ҳужжатлари Миллий архивга топширилиши керак. Ҳужжатларга тўла бўлган қутилар қайтарилиши Трампнинг Президентлик ёзувлари тўғрисидаги қонунга риоя этиши борасида саволлар туғдирди. Шундан сўнг Миллий архив Адлия вазирлигидан собиқ президент хатти-ҳаракатлари юзасидан текширув бошлашни талаб қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид