Жамият | 10:41 / 18.08.2022
11893
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда йўловчи 62 ёшли ҳайдовчини арқон билан бўғиб ўлдирди

Йўловчи аввал бир неча бор судланган бўлиб, пробация назоратида бўлган ва жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган.

Маълум қилинишича, Боёвут туманида туғилган 32 ёшли шахс Гулистон шаҳрида жойлашган автобекатда Гулистон—Дўстлик йўналиши бўйича йўловчи кутиб турган 62 ёшли ҳайдовчи билан 140 минг сўм эвазига Жиззах вилоятининг Зомин туманига элтиб қўйишини келишган.

Машина Ховос шаҳарчасига етганида, йўловчи ҳайдовчига оила аъзоларини ҳам олиш кераклигини айтган. Ҳайдовчи йўналишни ўзгартириб, дастлаб Боёвут тумани марказига, шундан сўнг Гулистон тумани Юлдуз маҳалласига, йўловчининг уйига келган.

Йўловчи шу ерда йўлкира ҳақини бермаслик мақсадида ҳайдовчи билан тортишиб қолган ва ҳайдовчини урган. Сўнг бўйнидан арқон билан бўғиб, қасддан ўлдирган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, айбланувчи пробация гуруҳида рўйхатда туриб, жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Сирдарё вилояти прокуратураси тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззах вилоятида яшовчи икки ўсмир Spark ҳайдовчисини бўғиб ўлдириб, машинани ёқиб юборганди.

Мавзуга оид