Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Яқин 20 йилда Ўзбекистонда сув 5 баробаргача камаяди” – Экопартия вакили
Бугун Ўзбекистоннинг 75 фоиз ҳудуди чўлланган. Ҳисоб-китобларга кўра, охирги 20 йилда чўлланиш Марказий Осиё давлатлари ҳудудига 100 километргача кириб бормоқда.
Экология партияси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев Муносабат токшоусининг Ўзбекистондаги экологик муаммоларга бағишланган сонида сув билан боғлиқ муаммоларга тўхталди.
Раис ўринбосарининг маълумотига кўра, Марказий Осиё давлатларида Экваторга яқин жойлашган чўлланишга мойил ҳудудлар кўп. Айнан Ўзбекистоннинг 75 фоизидан зиёд ҳудуди чўлдан иборат. Қўшни давлатларда ҳам худди шу муаммо. Чўлланиш йилдан йилга ошиб боряпти. Охирги 20 йилда Марказий Осиё давлатларига чўлланиш 100 километргача кириб бормоқда.
Абдушукур Ҳамзаев бунинг сабаблари сифатида сув танқислиги, янги ерларнинг ўзлаштирилгани, аҳоли сонининг ошгани, ишдан чиққан ерлардан қайта-қайта фойдаланиш, иқлим ўзгариб, ёғингарчилик цикли бузилганини кўрсатди. Мутассади сув масаласи ҳал бўлса, тупроқ унумдорлигини қайтариш ва шўрланишни камайтиришга ишонмоқда.
“Ўзбекистонда яқин 20 йилда сув 5 баробаргача камаяди. Бизда суғоришга ишлатиладиган ерларнинг 80 фоизи қўшни давлатлар: Қирғизистон ва Тожикистондан сув олади. Шунинг учун сувдан самарали фойдаланиш механизмини жорий қилиш керак. 80-йилларда бизда деҳқончилик учун 64 миллиард метр куб сув ишлатилган. 2021 йилда бу рақамлар 43,2 миллирад метр куб бўлди. Қарий 60-70 фоиз сув билан деҳқончилик қилдик. Бундан кейин ҳам сув камайиш тенденцияси давом этади”, – деди у.
Маълум қилинишича, Марказий Осиё давлатларида 7,9 миллион гектар суғориладиган майдон бўлса, шунинг 4,3 миллион гектари, 55 фоизи Ўзбекистонга тўғри келади. Бу – сув тақчиллиги Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистонга кўпроқ хавф солишини англатади.
“Бунинг чораси сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобланади. Охирги 3 йилда суғориладиган майдонларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш 11 фоиздан 20 фоизгача етди. Томчилаш орқали суғориладиган ерлар 700 минг гектардан ошди”, – деди Экопартия раиси ўринбосари.
Мавзуга оид
08:20 / 20.05.2026
Ўзбекистон сув истеъмоли юқори давлатлар рейтингига кирди
17:59 / 16.05.2026
Ўзбекистон кунлик сув истеъмоли юқори бўлган давлатлар қаторига кирди
07:18 / 05.05.2026
Сувни ифлослантирганлик учун жарима миқдори кескин оширилди
18:55 / 19.04.2026