22:52 / 19.08.2022
15762

«Апелсинлар қироли» деб ном олган бразилиялик миллиардер вафот этди

2010 йилларда дунёдаги ҳар учинчи стакан апелсин шарбати Кутраленинг компаниясига қарашли заводда тайёрланган.

Фото: Reuters

Cutrale апелсин шарбатлари ишлаб чиқарувчи компанияси ортидан «апелсинлар қироли» деб ном олган бразилиялик миллиардер Хосе Луис Кутрале 75 ёшида вафот этди, деб хабар берди O Globo. Миллиардер Лондонда вафот этган.

Forbes Real-Time маълумотларига кўра, унинг бойлиги 1,9 млрд долларни ташкил этган.

Келиб чиқиши италян бўлган Кутрале Сан-Паулуда туғилган ва болалигидан отаси билан бозорга чиққан. Кейинчалик уларнинг оиласи апелсин етиштиришни бошлаган ва 1967 йилда Cutrale компаниясини ташкил этган. Уларнинг апелсин шарбати ишлаб чиқарувчи заводи дунёдаги энг йирик корхоналардан бирига айланган.

Folha de S.Paulo газетасининг ёзишича, 2010 йилларда дунёдаги ҳар учинчи стакан апелсин шарбати ушбу заводда тайёрланган.

Ҳозирда Cutrale еттита бўлинмадан иборат. Ҳосил йиғиш вақтида компанияда 18 мингга яқин киши меҳнат қилади.

Top