Ўзбекистон | 15:06 / 19.08.2022
14312
2 дақиқада ўқилади

Навоийдаги “монополия” тадбиркорларга 8 млрд сўм зарар етказгани маълум бўлди

Kun.uz Навоий ИЭС атрофидаги иссиқхоналар иссиқлик энергияси таъминотчисининг “монополияси”дан зарар кўраётгани ҳақида ёзганди. Ишга Антимонопол қўмита аралашди, суд тадбиркорлар фойдасига қарор чиқарди.

Фото: KUN.UZ

Навоий вилоятидаги 60га яқин тадбиркор қарийб 150 гектар иссиқхона учун иссиқлик энергиясини «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ орқали олишга мажбур бўлаётган, МЧЖ эса «Навоий ИЭС» АЖдан харид қилган иссиқлик энергиясини уларга ўзи истагандек устама нарх қўйиб сотаётган эди.

Kun.uz бу ҳақда шу йил бошида суриштирув эълон қилганди.

Мақолада таъминотчи корхона 1 Гкал иссиқлик энергияси учун белгилаган сумма давлат томонидан белгиланган миқдордан кўплиги, тадбиркорлар 1 Гкал иссиқлик учун 49 830 сўм ортиқча маблағ сарфлаётганига урғу берилганди.

Антимонопол қўмита тадбиркорлардан бу борада кўплаб мурожаатлар келиб тушганини маълум қилди. Ўрганишлар натижасида тадбиркорларга иссиқлик энергияси 37 фоиз қиммат сотилгани аниқланган.

«Тадбиркорларга иссиқлик энергияси белгиланган нархларда, яъни 166,1 минг сўмдан етказиб бериш ўрнига ўртача 227,5 минг сўмдан ёки 37 фоизга қиммат нархда етказиб берилган.

Натижада 70 дан ортиқ тадбиркордан қарийб 8,0 млрд сўмлик ортиқча маблағ олиб келинган», – дейилади қўмита ахборотида.

Маълум қилинишича, асоссиз ундирилган маблағларни тадбиркорларга қайтариш юзасидан қўмитанинг қарорлари Навоий туманлараро маъмурий суди томонидан қаноатлантирилган.

«Тадбиркорларга зарар қоплаб берилиши кутилмоқда», – дейилади хабарда.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид