Турк ҳарбий техникаси байроқдори – «Bayraktar» дронлари ҳақида нималар маълум?
2014 йилда Туркиянинг «Baykar Makina» компанияси «Bayraktar TB2» номи билан ҳарбий дронларни ишлаб чиқара бошлади. «Bayraktar TB2» учувчисиз бошқариладиган қурилмалар орасида том маънода инқилоб қила олди. Бугун бу дронга талаб катта бўлиб, унга кўплаб давлатлар буюртма бермоқда.
Дунё ривожланган сари янгидан янги техникалар кашф этилмоқда. Шу жумладан ҳарбий саноатда ҳам. Ана шундай техникалардан бири – бу Туркияда ишлаб чиқарилаётган Bayraktar учувчисиз бошқариладиган қурилмалари ҳисобланади.
Двигателининг от кучи автомобил двигателига тенг бўлган Bayraktar дронларининг ёқилғи сарфи ҳам унча кўп эмас. Улар соатига ўртача 10 литрдан сал кўпроқ ёқилғи сарфлайди.
Бундан ташқари, уларни эски русумдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари умуман пайқамайди. Bayraktar’нинг ана шундай хусусиятлари харидорларни ўзига жалб қилмоқда.
Bayraktar тарихи
Гарчи Туркия НАТОга аъзо бўлса ҳам, курдлар масаласи туфайли АҚШ анча йиллар аввал бу давлатга ўзининг учувчисиз бошқариладиган қурилмаларини сотишни тақиқлаб қўйганди. Шу сабабли туркиялик ҳарбий муҳандислар ўз дронларини яратиш устида иш бошлашди ва бу борада жуда катта муваффақиятга эришишди.
Bayraktar дронларини «Baykar Makina» ишлаб чиқаради ва компаниянинг тарихи ўтган асрнинг 80-йилларига бориб тақалади.
1986 йилда Ўздемир Байрактар автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Baykar Makina» компаниясини ташкил этади.
Компания узоқ йиллар давомида ўз ихтисоси бўйича маҳсулот ишлаб чиқаради ва Туркиядаги таниқли компаниялардан бирига айланади. Шунингдек, ўтган йиллар мобайнида компаниянинг айланма маблағи ҳам анча ошади.
2000 йилдан бошлаб «Baykar Makina» компанияси авиация саноатига кириб келади ва учувчисиз бошқариладиган қурилмалар лойиҳаси бўйича ишларни бошлаб юборади.
Бу орада оиланинг ўртанча ўғли Салжуқ Байрактар АҚШдаги нуфузли Массачусет технология институтида таҳсил олади. У 2005 йилда ўзининг илк дрони Bayraktar Mini’ни ясаб чиқади.
Салжуқнинг ушбу дрони турк ҳарбийларини қизиқтириб қолади. Улар буюртма бериб Bayraktar Mini’дан 19 дона сотиб олишади.
2007 йилда Селжук Байрактар диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилгач Туркияга қайтиб келади учувчисиз қурилмалар лойиҳаларига жиддий киришади.
2009 йилда у жамоаси билан «Bayraktar TB1» дронини ясаб чиқади. Ўшанда мазкур дрондан фақат иккита нусхада ясалган эди. Шундан сўнг Салжуқ «Bayraktar TB1» учувчисиз қурилмасини мукаммаллаштириш устида ишлай бошлайди.
Ниҳоят 2014 йилда «Baykar Makina» компанияси «Bayraktar TB2» дронини муваффақиятли синовдан ўтказади ва уни серияли ишлаб чиқара бошлайди.
Ўша йили август ойида «Bayraktar TB2» дрони учувчисиз қурилмалар орасида энг узоқ парвоз бўйича рекорд ўрнатади. У бир учишда 8 минг метр баландликда 24 соат 34 минут давомида тўхтовсиз парвоз қилади.
Салжуқ Байрактар 2016 йилда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг қизи Сумайя Эрдўғанга уйланган.
«Bayraktar TB2»нинг конструкцияси
«Bayraktar TB2»нинг кўриниши кичик самолётни эслатади. Уни кичик шиналар ўрнатилган учта оёғи ушлаб туради. Яқингача, «Bayraktar TB2» Канаданинг Bombardier Recreational Products компанияси томонидан тайёрланган 100 от кучига эга бўлган Rotax 912 ички ёнув двигатели билан жиҳозланарди.
2020 йилнинг кузида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ учун бўлиб ўтган урушда озарлар «Bayraktar TB2»дан фойдалангани учун Канада компанияси «Baykar Makina» компаниясига двигател етказиб беришни тўхтатди. Шундан сўнг «Bayraktar TB2»га Украинада тайёрланган двигателлар ўрнатила бошланди.
«Bayraktar TB2» қуйидаги жиҳозлар билан жиҳозланади:
- Модулли электрон-оптик ва инфрақизил камералар;
- Лазерли масофа ўлчагич;
- Лазерли нишонни аниқ кўрсатувчи қурилма;
- Кўпфункцияли, фаол фазага эга антеннали радар;
- Эски русумдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини зарарсизлантирувчи қурилма;
- Радиоэлектрон қурилмаларга қарши тизим.
Автоном навигация тизими, юқори сифатли оптик-электрон модул билан жиҳозланган «Bayraktar TB2»ни эски турдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари нишонга ололмайди. Бу унга денгиз сатҳидан 7 минг метрдан юқорида туриб нишонларни аниқ мўлжалга олиш имконини беради.
2020 йилнинг кузида Канада компанияси CMX-15D Wescam оптик-электрон модулини етказиб беришни ҳам тўхтатгач, дронга Туркиянинг ўзида тайёрланган «Aselsan CATS» оптик-электрон модули ўрнатила бошланди.
«Bayraktar TB2»га танкларга қарши қўлланувчи, 500 метрдан 8 минг метргача бўлган масофадаги нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган UMTAS лазерли ракеталар ўрнатилади.
Бундан ташқари, тўртта 8 минг метр масофадаги объектларга зарба бериш учун мўлжалланган Bozok, Roketsan MAM-C, MAM-L авиабомбалари билан жиҳозланади.
«Bayraktar TB2» нинг техник тавсифлари
- Узунлиги: 6,5 метр;
- Қанотларининг узунлиги: 12 метр;
- Юк билан оғирлиги: 650 килограмм;
- Ёқилғи бак сиғими: 300 литр;
- Двигател қуввати: 100 от кучи;
- Максимал тезлиги: соатига 222 километр;
- Бошқарув марказидан бошқариш радиуси: 150 километр;
- Максимал баландлик: 8200 метргача кўтарила олади;
- Тўхтовсиз уча олиш вақти: 27 соат;
- Юк кўтариш қуввати: 150 килограмм;
Кимда қанча «Bayraktar TB2» бор?
2011 йилда Турк куч ишлатар тизимлари 107 та «Bayraktar TB2» учувчисиз қурилмасини олган.
2017 йилда Қатарга 6 та дрон ва уларни бошқариш учун учта кўчма станция сотилган.
2018 йилда Украина 6 та дрон ва уларни бошқариш учун 3 та кўчма станция олиш учун шартнома тузган. Дронлар 2019 йилда етказиб берилган.
2021 йил сентябр ойида Украина яна 48 та дрон сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. Шунингдек, Украина ва Туркия «Bayraktar TB2»ни ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришган.
2022 йил 24 феврал куни Россия бостириб кирганидан кейин Украинага бир қанча дронлар етказиб берилди. Уларнинг аниқ сони ҳақида маълумотлар йўқ.
Ироқ 8 та дрон сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.
Озарбойжон 2020 йилда турк дронларидан сотиб олган ва уларнинг аниқ сони маълум эмас. 2020 йил кузда Тоғли Қорабоғ учун кечган урушда озарлар «Bayraktar TB2»дан жангларда муваффақиятли фойдаланди ва дронлар Араманистон устидан қозонилган ғалабада асосий ролни бажарди.
2021 йилда Туркманистон, 2022 йилда Қирғизистон ҳамда Эфиопия ҳам бир нечта дрон сотиб олганини маълум қилди.
Айни дамда Ливия, Марокаш, Нигер, Покистон бир нечтадан «Bayraktar TB2»га буюртма берган.
«Bayraktar TB2»дан энг кўп Туркиянинг ўзи фойдаланмоқда. Маълумотларга кўра бугунги кунда Туркия армиясининг қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги ихтиёрида 33 та, Ҳарбий-денгиз кучларида 4 та, турк жандармериясида 18 та «Bayraktar TB2» бор.
6та дрон ва уларни бошқариш учун иккита кўчма марказ, 200 дона ўқ-дори ва бошқа қўшимча ускуналари билан «Bayraktar TB2» 70 миллион доллар туради.
«Bayraktar TB2» ҳарбий ҳаракатларда
«Bayraktar TB2»дан шу пайтгача:
- 2016 ва 2018 йилларда Туркия Сурия шимолидаги курд айирмачилари базаларига зарба беришда;
- 2019 йилда Туркия Ливияда генарал Хафтар армиясига қарши жангларда;
- 2020 йилнинг кузида Озарбойжон Тоғли Қорабоғ учун кечган жангларда;
- 2021 йилда Украина Донбасс айирмачиларига қарши ўтказилган ҳарбий амалиётлар чоғида;
- 2022 йил 24 февралдан кейин Украина ўз ҳудудига бостириб кирган Россия армиясига қарши фойдаланган.
Бошқа лойиҳалар
Baykar Makina компанияси сўнгги йилларда яна бир қатор лойиҳалар устида иш олиб борган. Жумладан, турли русумлардаги Bayraktar Akıncı, Bayraktar MIUS, Bayraktar Mini UAV, Vestel Karayel ва Bayraktar TB3 дронлари ҳам ишлаб чиқарилган.
Bayraktar Akıncı
Bayraktar Akıncı дронининг фотосуратлари ОАВда илк бор 2018 йилда пайдо бўлади. Ана шунда омма туркиялик муҳандислар «Bayraktar TB2»дан анча йирик ва мукаммал бўлган учувчисиз бошқариладиган қурилма ясаб чиқишгани ҳақида хабар топишди.
Bayraktar Akıncı’нинг техник тавсифлари:
- Узунлиги: 12,2 метр («Bayraktar TB2»дан бир баробар узун);
- Қанотларининг узунлиги: 20 метр («Bayraktar TB2»дан 8 метр узун);
- Баландлиги: 4,1 метр;
- Юк билан оғирлиги: 5500 килограмм («Bayraktar TB2»да 650 килограмм);
- Юк кўтариш қуввати: 900 килограмм («Bayraktar TB2»да 150 килограмм);
- Bayraktar Akıncı’га Украинада тайёрланган 450 от кучига эга иккита турбовинтли двигател ўрнатилган.
Bayraktar TB3
Bayraktar TB3 дронлари энди ишлаб чиқарилмоқда ва илк парвози жорий йилда амалга ошириши белгиланган. Мазкур дроннинг синов парвози 2021 йилда муваффақиятли амалга оширилган.
Келажакда Bayraktar TB3 дронларини Туркия ҳарбий-денгиз кучларига қарашли кемаларга ҳам жойлаштириш режа қилинмоқда.
Bayraktar TB3 нинг техник тавсифлари:
- Узунлиги: 8,35 метр (Bayraktar TB2да 6,5 метр);
- Баландлиги: 2,6 метр;
- Қанотларнинг умумий узунлиги: 14 метр (Bayraktar TB2да 12 метр);
- Юк билан оғирлиги: 1450 килограмм (Bayraktar TB2да 650 килограмм);
- Юк кўтариш қуввати: 280 килограмм (Bayraktar TB2да 150 килограмм);
- Максимал тезлиги: Соатига 300 километр (Bayraktar TB2да соатига 222 километр);
Bayraktar TB3 ҳам бир қатор ракеталар ва снарядлар билан жиҳозланади. Жумладан, танкларга қарши қўлланувчи L-UMTAS ракета комплекси, нишонларга аниқ урувчи MAM-C, MAM-L ва MAM-T ўқлари, Roketsan Cirit ракета тизими, TUBITAK-SAGE BOZOK лазерли мўлжалга эга ракеталари, TUBITAK-SAGE TOGAN миномётли снаряд ва TUBITAK-SAGE KUZGUN ўқлари билан қуролланади.
Техник имкониятларидан кўриш мумкин, «Bayraktar TB3» дронлари «Bayraktar TB2»га қараганда мукаммалроқ қилиб ясалган. Шунингдек, улар аввалги дронларга қараганда кўпроқ ракета ва снарядлар билан жиҳозланади.
Жуда кўпчилик соҳа мутахассислари «Bayraktar TB2 ва «Bayraktar TB3»ни учувчисиз бошқариладиган қурилмалар орасида энг мукаммал деб билишади. Турк муҳандисларини эса дрон ишлаб чиқариш саноатида ҳақиқий инқилоб қилган деб ҳисоблашади.
Бу гапларда жон бор. Туркия айнан шу дронлар туфайли ўзининг ҳарбий қудратини оширди ва Европа, Яқин Шарқ, Шимолий Африка минтақасида кучли ҳарбий салоҳиятга эга давлатга айланди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
09:53 / 20.11.2024
Воронеж яқинидаги саноат корхонасига дронлар ҳужум қилди
13:18 / 19.11.2024
Ўқувчилар ўртасида киберспорт ва дронлар бўйича танловлар ўтказилади
10:47 / 11.11.2024
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
10:58 / 07.11.2024