Жаҳон | 08:34 / 22.08.2022
10001
2 дақиқада ўқилади

Албанияда икки россиялик ва бир украиналик жосусликда гумонланиб қўлга олинди

Қўлга олинганлар Албания марказидаги ҳарбий заводга бостириб киришга уринганликда айбланмоқда. Ҳодиса вақтида жосуслардан бири спрей ишлатиб, икки қўриқчига зарар етказган.

Фото: DW

Албанияда икки нафар россиялик – бир эркак ва бир аёл, шунингдек, Украина фуқароси мамлакатнинг марказий қисмидаги Грамши шаҳрида ҳарбий заводга киришга уринган вақтда қўлга олинди, деб хабар қилди Албания Мудофаа вазирлиги якшанба, 21 август куни. «Заводни қўриқлаётган аскарлар зудлик билан реакция билдиришган, бироқ уч нафар хорижликни тўхтатмоқчи бўлганида икки нафар аскаримиз жароҳат олди. Қўриқчиларнинг аҳволи барқарор», - дейилади хабарда.

Албания Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 24 ёшли россиялик заводга кириб, суратга олишга уринган. Қочиб кетмоқчи бўлганида, у қўриқчиларга қарши спрей ишлатган, аммо қўлга олинган. Унинг шериклари - 33 ёшли россиялик аёл ва 25 ёшли украиналик - завод яқинида ушланган. Ҳар учала шахс ҳам жосусликда гумон қилинмоқда, дейилади вазирлик ахборотида. 

Ёзги таътил пайтида Албанияга Россия ва Украинадан кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. «Грамши» ҳарбий базаси эса пляжлардан 70 километр узоқликда жойлашган. Албанияда коммунистлар ҳукмронлиги даврида Грамшидаги завод Калашников автоматларини ишлаб чиқарган. Ҳозирда, Албания Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу завод мудофаа саноатига ишлаб чиқариш хизматларини кўрсатади. Хизматлар айнан нимадан иборат эканига аниқлик киритилмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид