Ўзбекистон | 08:49
2025
2 дақиқада ўқилади

Албания президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Албания президенти Байрам Бегай рафиқаси билан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Албания етакчилари иштирокида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, «яшил» энергетика ва туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, маданий-ҳуманитар алмашинувларни фаоллаштириш, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Музокаралар чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама платформалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Ташриф доирасида Албания президенти Байрам Бегай V Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида ҳам иштирок этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид