Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Ўзбекистон–Албания саммити бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания президенти Байрам Бегай иштирокида икки мамлакат муносабатлари тарихидаги илк олий даражадаги саммит бўлиб ўтди. Томонлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қатор истиқболли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур саммит Ўзбекистон ва Албания муносабатлари тарихида биринчи марта ўтказилаётганини таъкидлаб, унинг икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Учрашувда сўнгги йилларда сиёсий мулоқот ва турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидладилар.
Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросаноат мажмуи, “яшил” энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, туризм каби соҳаларда кенг кўламли кооперация дастурини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта Ер денгизи бозорларига етказиб беришда Албаниянинг Дуррес портидан логистика ҳаби сифатида фойдаланиш имкониятларини ўрганишга келишиб олинди.
Томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаб, Ҳукуматлараро комиссия ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олди.

Маданий-ҳуманитар соҳада ўзаро Маданият кунлари, кино намойишлари, кўргазмалар ва ижодий сафарларни ташкил этиш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Учрашув якунида етакчилар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Мавзуга оид
08:49
Албания президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди
17:57 / 15.06.2026
Президент муҳим минераллар хомашё базасини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди
17:36 / 15.06.2026
Uzbekistan Airways акцияларининг 20 фоизи йил якунигача халқаро IPO орқали сотилади
12:18 / 15.06.2026