Жаҳон | 08:22 / 22.08.2022
11072
2 дақиқада ўқилади

Германияда канцлер Шольцнинг рейтинги энг паст даражага тушиб кетди

Германия аҳолисининг деярли учдан икки қисми канцлер ва ҳукмрон коалиция фаолиятидан норози. Insa сўровига кўра, фақат 25 фоиз аҳоли Шольц ишини қониқарли деб ҳисоблайди. 

Фото: Picture Alliance

Германияда канцлер Олаф Шольц ва ҳукмрон коалиция рейтинги ҳукуматнинг декабрь ойида иш бошлаганидан бери энг паст даражага тушиб кетди. Bild am Sonntag ҳафталик нашри буюртмаси билан Insa социологик институти томонидан ўтказилган ва 21 август, якшанба куни эълон қилинган сўров натижаларига кўра, немисларнинг қарийб учдан икки қисми – 62 фоизи Шольц фаолиятидан норози, атиги 25 фоизи эса унинг натижаларидан қониқиш ҳосил қилган. 

Ҳукмрон коалициянинг рейтинги ҳам рекорд даражага тушиб кетди. Федерал ҳукумат ишидан ҳозирда сўралганларнинг 65 фоизи норози ва фақат 27 фоизи уни маъқуллайди. Март ойи бошида Шольцнинг иши немисларнинг 46 фоизи томонидан маъқулланган, 39 фоизи маъқулламаган. Ўшанда ҳукмрон коалиция иши немисларнинг 44 фоизи томонидан ижобий баҳоланган, 43 фоизи эса уни маъқулламаган. 

Сўровдан маълум бўлишича, канцлер тўғридан тўғри сайланган тақдирда, Олаф Шольц ҳозир 18 фоиз овоз тўплаб, фақат учинчи ўринни эгаллаган, биринчи ўрин 25 фоиз билан «яшил» иқтисодиёт вазири Роберт Хабекка, иккинчи ўрин эса 19 фоиз овоз билан Христиан-демократик иттифоқ раиси Фридрих Мерцга насиб этган бўларди.

Ҳафталик сўров натижаларига кўра, христиан партиялар блоки ўз позицияларини бироз мустаҳкамлади, ҳозир уни немисларнинг 28 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Бу шуни англатадики, ХДС/ХСС ҳозир рейтинги бир ҳафта ичида бир фоизга пасайиб, 21 фоизга тушган «яшиллар» партиясидан етти фоиз олдинда. 

Социал-демократлар рейтинги ўзгармади (19 фоиз), эркин демократлар бир фоизга пасайиб, 8 фоизга етди. Бу коалицияга кирувчи партиялар ҳозирги кунда атиги 48 фоиз овоз олишини англатади. «Германия учун альтернатив» (12 фоиз) ва Сўл партия (8 фоиз) рейтинглари ўзгаришсиз қолди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид