Жаҳон | 16:03 / 23.08.2022
20117
3 дақиқада ўқилади

АҚШ РФнинг Украина инфратузилмасига зарба бериш режалари ҳақида маълум қилди

АҚШ Давлат департаменти Украинадаги америкаликларни яқин кунларда фуқаролик инфратузилмасига ҳужум хавфи туфайли бу мамлакатни тарк этишга чақирди. АҚШ разведка идоралари таҳдид ҳақида маълумот олган.

Фото: AFP

АҚШ Давлат департаменти Украинадаги америкаликларни РФ қўшинлари томонидан фуқаролик инфратузилмасини ўққа тутиш хавфи туфайли бу мамлакатни тарк этишга чақирди. «Давлат департаменти Россия яқин кунларда Украина фуқаролик инфратузилмаси ва давлат объектларига зарба бериш саъй-ҳаракатларини кучайтираётгани ҳақида маълумотга эга. Россиянинг Украинадаги зарбалари тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига доимий таҳдид солмоқда. АҚШ элчихонаси АҚШ фуқароларини Украинани тарк этишга чақиради, улар буни ҳозир, агар хавфсиз бўлса, шахсий ерусти транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда қилишлари даркор», — дейилади 23 август, сешанба куни АҚШнинг Украинадаги элчихонаси сайтида эълон қилинган баёнотда.

Бундан ташқари, АҚШ ташқи сиёсат идораси ҳужум содир бўлган тақдирда бир қатор тавсияларни эълон қилди. «Агар сиз кучли портлаш ёки сирена овозини эшитсангиз, дарҳол бошпана қидиринг. Агар уйда ёки бинода бўлсангиз, ташқи деворлари, деразалари энг кам бўлган энг паст даражага ўтинг; барча эшикларни ёпинг ва ички девор яқинида, деразалардан узоқроқда ўтиринг», - дея ёзилган ҳужжатда.

Давлат департаменти, шунингдек, «Украина бўйлаб хавфсизликка доир ўта беқарор вазият»га эътибор қаратди, у «огоҳлантиришларсиз ҳам ёмонлашиши мумкин». Идора АҚШ фуқароларини «ҳушёр бўлишга ва хавфсизлик бўйича хабардорликни таъминлаш учун зарур чораларни кўришга» чақирди. 

Аввалроқ Reuters агентлиги ва The New York Times газетаси АҚШ Россиянинг яқин вақт ичида Украинадаги фуқаролик инфратузилмаси ва давлат объектларига янги зарбалар бериш режалари ҳақида разведка маълумотларига эга эканини маълум қилганди. «Биз Россия яқин кунларда Украинанинг фуқаролик инфратузилмаси ва давлат муассасаларига зарба бериш саъй-ҳаракатларини фаоллаштириши ҳақида маълумотларга эгамиз. РФнинг Украинада қилган ишларини ҳисобга олсак, Россия зарбалари тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солаётганидан хавотирдамиз», — дея маълум қилди Америка ҳукумати расмийси. 

АҚШ маъмурияти ушбу маълумотни иложи борича кенгроқ аудиторияга етказиш учун Америка разведка хизматларининг огоҳлантиришини ошкор қилганини таъкидлади. 

23 августда Украинада Давлат байроғи куни, 24 августда эса Мустақиллик куни нишонланади. Украина Мустақиллиги кунида РФнинг эҳтимолий провокациялари ҳақида 22 август куни президент Володимир Зеленский маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, у бир қанча дунё етакчиларини, хусусан, Франция президенти Эммануэл Макрон ва БМТ бош котиби Антониу Гутерришни огоҳлантирган. Зеленскийнинг таъкидлашича, у хабардор қилган раҳбарлар «босқинчилар нима қилаётганини ва бу нима билан таҳдид солаётганини тушунди, улар Украина бунга тоқат қилмаслигини билади». 

Мавзуга оид