Жозеп Боррел россияликларнинг ЕИга киришини тақиқлашга қарши чиқди
Европа дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, ЕИ россиялик олигархларга эшикларини очмаслиги керак, бироқ «бундай вазиятда яшашни истамагани учун мамлакатни тарк этмоқчи бўлган бошқа россияликлар кўп».
Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россия фуқароларининг Евроиттифоққа киришини тақиқлаш таклифига қарши чиқди. «Барча россияликларга киришни тақиқлаш - яхши фикр эмас», деди Жозеп Боррел Испаниядаги анжуманда. «Биз кўпроқ танлаб олишимиз керак», дея 22 август, душанба куни Европа дипломатияси раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган Bloomberg.
Боррелнинг сўзларига кўра, ЕИ россиялик олигархларга эшикларини очмаслиги керак, бироқ «бундай вазиятда яшашни истамагани учун мамлакатни тарк этишни истаган бошқа россияликлар кўп».
Россиялик сайёҳларга визалар беришни ЕИ миқёсида тақиқлаш ЕИнинг Россияга йўллаган сигналини қўллаб-қувватлаш учун «яхши восита» бўлади. Бу ҳақда Европарламентнинг фуқаролик эркинликлари, адолат ва ички ишлар қўмитаси аъзоси, Германия Христиан-демократик партиясидан депутат Лена Дюпон DW медиакомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди. «Айниқса, Европа давлатларига энг кўп саёҳат қиладиган руслар ўз мамлакати ва ҳукумати нима қилаётганини билмайдиганлардан эмас. Демак, визани тақиқлаш мақсадли ва мазмунли восита билан санкциядаги одамлар рўйхатини кенгайтиришнинг бир йўли бўлади», деди сиёсатчи.
Дюпон виза тақиқи мамлакатни тарк этишга уринаётган россиялик диссидентларга таъсир қилиши ҳақидаги даъволарни рад этди. «Виза сиёсати бошқа нарса, бошпана бериш тартиб-қоидалари эса бошқа нарса. Демак, улар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Виза сиёсати ёки виза дастагидан бошпана бериш тартибига таъсир қилмасдан фойдаланиш мумкин», деди Европарламент депутати.
ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари август ойи охирида Прагада бўлиб ўтадиган йиғилишда россиялик сайёҳларга виза берилишини тақиқлашни муҳокама қилмоқчи. Эстония, Латвия ва Финландия каби давлатлар Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан тақиқнинг тўлиқ миқёсда жорий этилиши тарафдори. Германия федерал канцлери Олаф Шольц визани кенг кўламли тақиқлашдан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Мавзуга оид
10:30 / 31.10.2024
Боррел: ЕИ РФдаги сиёсий қатағон қурбонларини унутмайди
14:00 / 30.10.2024
Боррел Гуржистон сайловлари бўйича «шаффоф текширув»ни талаб қилди
08:20 / 21.10.2024
Боррел БМТнинг Ливандаги миссияси кучайтирилишини истисно этмади
11:20 / 15.10.2024