Жаҳон | 11:55 / 23.08.2022
6804
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ ҳудудининг ярмига қурғоқчилик таҳдид солмоқда

ЕИ ҳудудининг 47 фоизи қурғоқчилик хавфини туғдирадиган ғайритабиий узоқ вақт давомида ёғингарчиликсиз ҳолатни бошдан кечирмоқда, ҳудуднинг 17 фоизи аллақачон фавқулодда вазиятга тушиб қолган, дея маълум қилди Европа қурғоқчилик мониторинги хизмати.

Фото: Reuters

Европа иттифоқи ҳудудининг деярли ярми (47 фоиз) август ойида қурғоқчилик хавфи остида турибди, деб хабар берди Европа қурғоқчилик мониторинги хизмати 22 август, душанба куни Брюсселда. Узоқ вақтдан бери ёғингарчиликнинг кузатилмаётгани сабабли, ЕИ ҳудудининг 17 фоизи аллақачон фавқулодда вазиятни бошдан кечирмоқда, бу ўсимликлар ва экинлар ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, дея маълум қилди хизмат.

Июль ойида қурғоқчилик хавфи Евроиттифоқ ҳудудининг 46 фоизида аниқланган. «Йил бошидан буён Европанинг кўплаб минтақаларига таъсир кўрсатаётган кучли қурғоқчилик янги ҳудудларга тарқалди ва август ойи бошидан кучайди», дейилади Европа комиссияси топшириғи билан тайёрланган ҳисоботда.

Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, ёғингарчилик йўқлигидан энг кўп зарар кўрган минтақалар орасида Португалиянинг бир қисми, бутун Испания, Франция жануби, Италия марказий қисми, Германия жануби, шунингдек, Словакия, Венгрия ва Руминияни қамраб олган катта ҳудуд бор.

Август ойи ўрталарида айрим ҳудудларда ёғган ёмғирлар қурғоқчиликни бироз юмшатган, аммо момақалдироқлар баъзи ҳудудларга зарар етказган ва ёмғирнинг ижобий таъсирини чеклаган бўлиши мумкин, деб ёзади мутахассислар. Узоқ муддатли аномал қурғоқчиликдан сўнг, улар августдан октябргача ЕИнинг кўп қисмида «шароит нормалга яқинлашиши»ни кутмоқда. Ўтган ойлардан тўлиқ тикланиш учун бу етарли бўлмаслиги мумкин, аммо кўп жойларда бу оғир аҳволни юмшатади, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари. 

Маълумотларга кўра, ғарбий Ўрта Ер денгизи минтақаларида иссиқ ва ўртачадан юқори қуруқ об-ҳаво ноябргача давом этиши мумкин. Шу сабабли, мутахассислар Испания ва Португалиянинг айрим ҳудудларида қурғоқчилик давом этишини истисно қилмаяпти. Анормал иссиқ ва қуруқ об-ҳаво ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келиши кутилмоқда. Хусусан, маккажўхори, соя ва кунгабоқар каби ёзги экинлар зарар кўриш мумкин. 

Мавзуга оид