09:39 / 24.08.2022
6839

Бразилия Ўзбекистон ёшлари учун португал тили курсларини ташкил этмоқчи

Бразилия томонидан Ўзбекистон ёшлари учун португал тили курсларини ташкил этишга ҳозирлик билдирилди.

Фото: Dunyo

 Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобовнинг Бразилиа шаҳрига ташрифи давомида Бразилия таълим вазирининг олий таълим масалалари бўйича ўринбосари Вилас Боас де Соза билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Учрашув давомида мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага илғор чет эл тажрибасини жалб этиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, олий ўқув юртларининг сонини ошиши ва сифат жиҳатдан яхшиланиши, олий таълим муассасалари талабалари сонини сезиларли даражада ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларнинг асосий натижалари ҳақидаги батафсил маълумотлар Бразилия томонига тақдим этилди.

Вилас Боас де Соза Ўзбекистон ва Бразилия таълим соҳасида муштарак мақсадларни кўзлашини, унинг сифатини оширишда тажриба алмашиш лозимлиги ҳамда талаба ва ўқитувчилар алмашувини йўлга қўйиш кераклигини алоҳида таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 2,4 мингта олий ўқув юрти фаолият кўрсатиб, уларда 8 миллион талаба таҳсил олади. 69 федерал университет давлат қарамоғида бўлиб, уларда жами 1,3 миллион талаба билим олмоқда.

Вилас Боас де Соза Бразилия Ўзбекистон ёшлари учун португал тили курсларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини ҳам маълум қилди.

Икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари Фан, технологиялар ва инновациялар вазирлиги таркибида ташкил этилган институтда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкинлиги таъкидланди. Ташкилот 27 та университетда жойлашган 70 та замонавий тадқиқот марказини ўз ичига олгани ҳолда, унинг асосий вазифаси жамият ҳаётидаги долзарб масалаларга инновациоя ва илғор технологик ечимларни жорий этишдир.

Таълим вазирлиги вакили фикр билдиришича, Бразилия олий ўқув юртлари халқаро майдондаги иштирокини кенгайтириш мамлакатдаги илмий салоҳиятни оширишга, ўзаро ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш ва жаҳон рейтингларида мамлакат университетлари кўрсаткичларини оширишга олиб келади. 

“Шу боис, Бразилия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорлик иккала томон учун ҳам яхши самара бериши аниқ”, дея таъкидлади Вилас Боас де Соза. 

Top