Жаҳон | 19:13 / 17.05.2026
3664
1 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кекса опа-сингиллар Бразилияда яшаётгани маълум бўлди

Улар уч опа-сингил бўлиб, энг каттаси 108 ёшда, энг кичиги эса 103 ёшда.

Фото: longeviquest.com

Бразилияда дунёдаги энг кекса уч нафар опа-сингил аниқланди. Улар ҳақида узоқ умр кўрувчиларни ўрганадиган LongeviQuest ташкилоти маълум қилди.

Улар 108 ёшли Левит де Деус Нунес, 104 ёшли Зораида де Деус Мота ва 103 ёшли Зулина де Деус Нунес бўлиб, Бразилиянинг қишлоқ ҳудудида туғилишган ва саккиз фарзандли оилада улғайишган.

Левит доимо оиланинг таянчи бўлган: у ука-сингилларига ғамхўрлик қилган. Аёл телеканаллардан бирида оммавий саҳналарда қатнашиб пул топган. Ҳозир у тўшакка михланиб қолган бўлиб, энг севимли машғулоти — китоб ўқиш.

Зораида ўқитувчилик касбини эгаллаган, кейин эса ҳамширалик мактабини тамомлаган. Тиббиёт соҳасида ишлаган, турмушга чиқиб беш фарзандли бўлган. Ҳозирда қизининг уйида яшайди.

Зулина олти фарзанднинг онаси бўлиб, кўчада каштачилик буюмларини сотиш билан шуғулланган. У 103 ёшида ҳам рўзғор ишларига ёрдам бериб, катта оиласи учун таомлар тайёрлайди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид