АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги халқаро қишлоқ хўжалиги хизмати (USDA), Халқаро қаҳва ташкилоти ҳамда Colipse Coffee ва StatRanker таҳлил платформалари маълумотларига кўра, Бразилияда 2025 йилда тахминан 63 миллион қоп қаҳва ишлаб чиқарилган. Ҳар бир қоп 60 килограммдан иборат. Бу кўрсаткич иккинчи ўриндаги Вьетнам натижасидан икки баравардан ҳам кўпдир. Вьетнамда 30,8 миллион қоп қаҳва етиштирилган.

Бразилия экспорт бўйича ҳам жаҳонда етакчи бўлиб қолмоқда. Мамлакат 2026 йилда жаҳон бозорига 40 миллиондан ортиқ қоп қаҳва етказиб беришни режалаштирган.

Ҳозирда Бразилия ҳиссасига жаҳон қаҳва ишлаб чиқаришининг қарийб учдан бир қисми тўғри келади. Мамлакат асосан арабика навини етиштириш бўйича етакчи ҳисобланади. Бу нав премиум қаҳва аралашмалари ва эспрессо тайёрлашда кенг қўлланади.



Робустага талаб ортмоқда

Иккинчи ўриндаги Вьетнам асосан робуста навини экспорт қилади. Ушбу навда кофеин миқдори юқори бўлиб, у эритиладиган қаҳва ишлаб чиқаришда фаол қўлланади.

Арабика нархлари ошиб бораётгани сабабли жаҳонда робустага талаб ҳам тез ўсмоқда. Вьетнам 2026 йилда тахминан 27,9 миллион қоп қаҳва экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Учинчи ўринни Колумбия эгаллаган — мамлакатда 13,8 миллион қоп қаҳва ишлаб чиқарилган.

Кейинги ўринларда Индонезия ва қаҳва ватани ҳисобланган Эфиопия жойлашган. Улар мос равишда 12,45 ва 11,56 миллион қоп қаҳва ишлаб чиқарган.

Африкада эса Уганда позицияларини тобора кучайтирмоқда. USDA баҳосига кўра, мамлакатда қаҳва ишлаб чиқариш 6,9 миллион қопга яқинлашади.

Айрим давлатлар ишлаб чиқаргандан кўпроқ экспорт қилмоқда

Таҳлилчилар маълумотига кўра, Ҳиндистон, Ҳондурас ва Перу каби давлатлар ишлаб чиқарганидан кўра кўпроқ қаҳва экспорт қилиши мумкин.