Ўзбекистон | 20:28 / 25.08.2022
66210
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ИИБ қари аёлни зўрлаган “маняк”ни қочириб юборган

Ожиз аҳволдаги кекса аёлни зўрлик ишлатиб, қийнаб номусига теккан шахс дарҳол аниқланиб, ИИБга олиб келинади. Аммо оғир жиноят содир этганликда гумонланиши керак бўлган кимса нимагадир қўйиб (қочириб) юборилади. Зўравонликка учраган аёл кўп ўтмай вафот этади.  

Марҳуманинг қизи ИИБ айбланувчини олти ойдан ортиқ вақт ўтса-да, тополмаётганидан норози бўлиб, Kun.uz’га мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, марҳума тумандаги кўп қаватли уйларда қизи ва набиралари билан истиқомат қилиб келган. У уч марта инсультни бошидан ўтказган. Бироқ ўзи мустақил ҳаракат қилган, қўни-қўшнилар билан мулоқотга кириша олган.

“2022 йилнинг 9 март куни 19:00 лар атрофида уйга келдим. Эшик қулф экан. Тақиллатдим, ичкаридан нотаниш эркак чиқди. “Мени ҳам, ўзингни ҳам шарманда қилма” деб қочиб кетди. Ортидан югуриб пастга тушдим, қўшни болаларга уйга ўғри тушди, деб бақирдим. Бироздан сўнг уйда онамнинг борлиги ёдимга тушиб, ичкарига ошиқдим. Қарасам, онам бир аҳволда ётибди. Юз ва бош қисмлари жароҳатланган, чап томонларида зарб оқибатида турли хил кўкаришлар бор эди.

Шундан сўнг ҳудуд профилактика инспекторига хабар бердим. Тез ёрдамга телефон қилдим. Тез ёрдам онамни шифохонага олиб кетди. Уйга келсам, эркакка тегишли куртка турган экан. Чўнтагидан телефон чиқди. Уйдан қочиб чиққан одамга тегишли бўлса керак деб, ИИБ ходимларига топширдим. Телефон ёрдамида эркакни топишибди. Эртаси куни менга ўша одамни кўрсатишди, танидим.

Онам билан бошқа суҳбатлаша олмадик, тилдан қолди. Шифохонада комага тушгунича имо-ишора билан ўша одам ўзини ургани, номусига тегмоқчи бўлганини тушунтирди. Уч кундан сўнг экспертиза қилинди. 21 март куни онам шифохонада жон берди”, - деди марҳуманинг қизи Раҳмонова.

Раҳмонованинг қўшимча қилишича, онасига тажовуз қилган одам бир ҳафтадан сўнг қўйиб юборилган. Бироқ мана, олти ойдан ошибдики, жиноятчи топилмаяпти. ИИБ ходимлари Д.К.га нисбатан жиноий иш очилгани, гумондор судгача қўйиб юборилмаслигини маълум қилган.

Ушбу ҳолат бўйича Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати Жаҳонгир Сагдуллаев билан телефон орқали боғландик. У биз билан суҳбатда Д.К.га нисбатан 12 март куни жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

“Шахсга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган. Айни вақтда ушбу шахсни топиш юзасидан тезкор қидирув ҳаракатлари давом этмоқда”, - деди Сагдуллаев.

Сагдуллаев гумондор қандай қилиб қочириб юборилгани ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.

Дарвоқе, Паст Дарғом тумани прокуратураси Раҳмоновага жавоб хати берар экан, 2022 йилнинг 12 март куни Д.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. 20 апрел куни сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган. Прокуратура бир неча марта ИИБга айбланувчини топишни сўраб, тезкор топшириқ берганини, бироқ натижа бўлмаётганини билдирган. Шундан сўнг, 11 май куни ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан жиноят иши тўхтатилган. Яъни, айбланувчининг қаерда эканлиги номаълум бўлгани сабабли иш тўхтатилган.

Экспертиза марҳуманинг чап елкасида шилинмалар, бошининг пешона, чап яноқ, чап қулоқ ости ва орти, бўйин чап томони, чап елка камарида қонталашлар мавжуд бўлса-да, бу ўлимга олиб борувчи сабаб эмас, деб кўрсатган.

Марҳуманинг қизи айнан мана шу ҳолатдан норози. Нега эҳтиёт чораси қўлланмагани, айбланувчининг қочиб кетиши аниқ бўла туриб қўйиб юборилганига тушунмаяпти. Шунингдек, нега тан жароҳатлари бўйича эртароқ экспертиза тайинланмагани ҳам ходимларнинг масъулияти масаласи жиддий ўрганилиши кераклигига ишора қилади .

Раҳмонова ИИБнинг нопрофессионал ҳаракатидан норози бўлиб бир нечта ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо наф йўқ. Мана олти ойдирки, ички ишлар ходимлари шундоққина қўлларида бўлган одамни қочириб юбориб, энди уни излаш билан овора!

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид