Ўзбекистон | 20:44 / 26.08.2022
12809
3 дақиқада ўқилади

ЎзМУдан йўқолган нодир китоблар иши бўйича суд бошланди

Миллий университет кутубхонаси таъмирланиши асносида XII-XIX асрларга оид 56 та қўлёзма ва 6 та тошбосма асарлар йўқолган эди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, жиноят иши бўйича суд бошланган. Ахборот-ресурс маркази директори қамоққа олинган.

Фото: Kun.uz

26 август куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида Ўзбекистон Миллий университетидан йўқолган нодир китобларга доир суд иши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, суд жараёнлари билан бир вақтда тергов ҳам давом этмоқда. Шу сабабли судья суд жараёнини ҳозирча тасвир ва аудио орқали ёзиб олишни рад қилиш бўйича ажрим чиқарди.

Гувоҳларнинг кўплиги ва иш ҳажмининг катталиги сабабли суд жараёни узоққа чўзилиши мумкин. Хусусан, бугунги суд жараёнида ҳам гувоҳларни тинглаш учун вақт етмагани сабабли мажлис кейинга қолдирилди.

Фото: Kun.uz

Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақтда Миллий университет Ахборот-ресурс маркази директорига нисбатан айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Шунингдек, жиноят иши бўйича ҳужжатли тафтиш ва бошқа тергов ҳаракатлари якунига кўра, бошқа марказ ходимларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Миллий Университет ахборот ресурс маркази директори Ирина Кислитсина(айни вақтда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган)нинг қизи Светлана Нишанбаева онаси бу китобларнинг йўқолишига алоқаси йўқлигини билдириб, ёрдам сўраб президентга мурожаат қилган

«Онам нодир қўлёзмалар учун масъул бўлмаган, балки китоблар музейни таъмирлаш вақтида бошқа жойга кўчирилганда уларни етарлича шароитларда сақланмаётгани ҳақида бир неча бор раҳбариятни огоҳлантирган ҳам», - дейди айбланувчининг қизи.

Эслатиб ўтамиз 2019 йилдаги таъмирлаш ишларидан сўнг Ўзбекистон Миллий университетининг нодир қўлёзмалар сақланадиган музейи фаолияти тикланмаган. 2021 йил 23 декабрь куни Kun.uz у ердаги қимматбаҳо ва ўта нодир ҳисобланган 100дан ортиқ китоблар сотиб юборилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Хабардан бир кун ўтиб, ҳолатни Бош прокуратура ўргана бошлади.

Дастлаб вазиятга изоҳ беришдан қочиб юрган ЎзМУ ректорати ОАВларга бошқа китобларни кўрсатиб, улар йўқолмаганига ишонтирмоқчи бўлди.

2022 йил 21 февраль куни прокуратура органлари ўрганиш ишларини якунлади. Текшириш давомида ЎзМУ Ахборот-ресурс маркази фондида сақланган ХII-ХIХ асрларга оид қиймати 2,6 млрд сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон-торож қилингани ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва мансабдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Мавзуга оид