Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда The True Story янгиликлар агрегатори блокланди
«Яндекс.Новости» лойиҳасининг собиқ раҳбари томонидан яратилган янгиликлар агрегатори уч кун давомида блоклашсиз ишлади. Лев Гершензон VPN орқали The True Story’ни ўқишга чақирди.
Роскомнадзор 25 август, пайшанба куни «Яндекс.Новости» лойиҳасининг собиқ раҳбари Лев Гершензон томонидан яратилган The True Story янгиликлар агрегаторини блоклади. Блоклаш Бош прокуратура талабига биноан амалга оширилган.
The True Story сайти Россияда атиги уч кун ишлади. Гершензоннинг ўзи блоклашни «кейинги босқичга режалаштирилган ўтиш» деб атади ва россияликларни VPN орқали янгиликлар агрегаторидан фойдаланишни давом эттиришга чақирди. «Улар бизга тўлиқ уч кун – август ойи ва таътил мавсумида бемалол ишлашимизга рухсат беришларига ҳам умид қилмагандим», — деб ёзди тадбиркор Facebook’даги ўзининг саҳифасида.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин Роскомнадзор мустақил Россия ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларини блоклашни бошлади. Шу тариқа, регулятор аллақачон ўнлаб ресурсларни блоклаб қўйди. Улар орасида Германиянинг Bild таблоиди, Финландиянинг Yle телерадиокомпанияси, «Озодлик радиоси»нинг арман хизмати, Deutsche Welle, Euronews ва Delfi сайтлари бор.