UzAuto Motors сунъий дефицит яратиб, Spark'ларни “тузлаб” қўйганмиди?
UzAuto Motors бир неча ҳафта давомида ҳеч қандай изоҳсиз Spark автомобили сотувини тўхтатиб қўйган эди. Кўп ўтмай минглаб Spark'лар омборда тахланиб ётгани маълум бўлди. Бу орада компания экспорт моделини ички бозорга сотяпмиз дея нархни оширди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров монопол компания Spark'ни қимматроқ сотиш учун яшириб “тузлаган” бўлиши мумкинлигини айтмоқда. У Монополияга қарши курашиш қўмитасини ҳолат юзасидан текширув ўтказишга чақирган.
23 август куни интернетда Ангрен шаҳридаги юк терминалида юзлаб Spark автомобиллари тургани акс этган сурат тарқалган эди. Компания бу борадаги изоҳида бу машиналар “аллақачон мижозлар томонидан шартнома тузилган ва кейинчалик мижозга етказиб бериш учун Ангрен шаҳрига етказилган” автомобиллар эканини таъкидлади.
Отабек Бакировнинг фикрича, бу баёнот ёлғон. Чунки 20 август тонг сахар ҳолатига Spark автомобили бўйича контрактация йўқлиги учун 50 фоиз пулини олдиндан тўлаб қўйганлар ва автомашина бўйича навбатда турганлар ҳам бўлмаган. UzAuto Motors шу кундан бошлаб Spark ва Nexia сотувини тиклаган эди.
Иқтисодчининг сўзларига кўра, монополист “сунъий дефицит яратиш ва кейин нархларни ошириш усулидан биринчи марта фойдаланмаяпти”. Хусусан, 2016 йилгача бўлган даврда ҳам шундай ҳолатлар рўй берган.
“Эсингизда бўлса, шу йил қишда йўқ бўлиб қолган Нексия-3 нархлар оширилгандан кейин март ойи ўрталаридан бирдан салонларда пайдо бўлиб қолди”, – дея ёзди Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Spark ва Nexia-3 ишлаб чиқариш шу йил охирида тўхтатилади. Компания ўз ихтиёрида қолган бутловчи қисмлардан фойдаланган ҳолда, бу моделларнинг турли конфигурациялардаги сўнгги партияларини чекланган миқдорда ишлаб чиқаришини билдирган.
Шунингдек, экспорт учун мўлжаллаб чиқарилган машиналарнинг бир қисми ички бозорга йўналтирилиши айтилди ва автомобиллар нархи бир неча миллион сўмга оширилди.