Ўзбекистон | 10:56 / 27.08.2022
2614
2 дақиқада ўқилади

Будапештда Ўзбекистон-Венгрия ректорлари форуми ўтказилади

Будапештда таълим соҳасидаги Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги муҳокама қилинди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Будапештда Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги давлат котибининг фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликка масъул ўринбосари Миклош Леньгел билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Миклош Леньгел 2022 йилдан бошлаб Венгрия ҳукуматининг Stipendium Hungaricum стипендия дастури бўйича Ўзбекистонга Венгрия олий ўқув юртларида таълим олиш учун квотани 170 тага оширганини таъкидлади. Дастур бакалавриат, магистратура ва докторантура учун грантлар ажратади. Квота доирасида тиббиёт, спорт ва АКТ йўналишларида ўқиш учун алоҳида стипендиялар ажратилади.

У Ўзбекистон ёшларини ушбу грантлардан тўлиқ фойдаланишга ва 2023 йил ноябрь ойи ўрталаридан 15 январга қадар фаол ариза топширишга чақирди.

Учрашувда Венгрия Дипломатик академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ва унинг ҳузурида янги ташкил этилган Дипломатик академия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Миклос Леньгел томонлар аввал имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум асосида ўқитувчилар алмашуви ва ёш дипломатлар учун дипломатик курслар ташкил этиш орқали ЖИДУ билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар Будапештда иккинчи Ўзбекистон-Венгрия ректорлари форумини ўтказиш масаласини ҳам муҳокама қилди. 2021 йил 20-23 июнь кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Венгриянинг ўндан ортиқ нуфузли таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этган биринчи форум муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид