Жаҳон | 07:50 / 27.08.2022
7911
2 дақиқада ўқилади

Европада газ нархи рекорд даражага кўтарилди

Европа Россия гази «Шимолий оқим» қувури орқали етказиб берилиши тўлиқ тўхтатилишидан хавотирда. Германиянинг DIW институти раҳбари Европада газ нархи узоқ йиллар давомида юқори даражада сақланиб қолади, деб ҳисоблайди.

Фото: Getty Images

Европада Россиядан табиий газ етказиб беришнинг тўлиқ тўхтатилиши ҳақидаги қўрқувлар кўк ёнилғи нархининг янги кескин сакрашига олиб келди. 26 август, жума куни сентябрда газ етказиб бериш бўйича Европа фьючерслари нархи дарҳол тўққиз фоиз пунктга ошиб, бир мегаватт-соат учун рекорд даражадаги 340 еврога етди. 

Аввалроқ «Газпром» таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли 31 августдан бошлаб «Шимолий оқим» қувури орқали табиий газ етказиб беришни уч кунга тўхтатганини маълум қилганди. Бу эса Россия газининг Европага етказиб берилишини тўлиқ тўхтатиш эҳтимоли ҳақидаги қўрқувни кучайтирди. 

Шу билан бирга, Германия Иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW) раҳбари Марсел Фрацшер табиий газ учун юқори нархлар узоқ муддат сақланиб қолишига тайёрланишга чақирди. «Энергия нархлари ҳеч қачон урушдан олдинги даражага қайтмайди», деди у SWR радиостанциясига берган интервьюсида. 

Фрацшернинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги уруши туфайли энергия нархи беш-етти йил давомида юқори даражада қолади, шунинг учун одамлар турмуш даражасининг пасайишига мослашиши керак. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид