Жаҳон | 22:19 / 30.08.2022
11253
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби сув тошқинларидан жабр кўрган Покистонга боради

Мамлакатнинг 33 миллион нафардан зиёд аҳолиси, яъни ҳар еттинчи покистонлик сув тошқинларидан жабрланган, қарийб бир миллионта уй вайрон бўлган ёки жиддий зарарланган. 14 июндан буён давом этиб келаётган муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари оқибатида 1061 киши ҳалок бўлган, 1,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Фото: REUTERS / Amer Hussain

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 9-11 сентябр кунлари ташриф билан Покистонда бўлади, деб маълум қилди унинг расмий вакили Стефан Дюжаррик.

"Бош котиб келгуси ҳафта жўнаб кетади. У 9 сентябр куни Исломободда бўлади. Мислсиз ҳалокатдан жабрланган ҳудудларга боради", - деди Дюжаррик.

Унинг сўзларига кўра, Гутерриш 11 сентябр куни Нью-Йоркка қайтади.

Покистон ҳукуматининг хабар беришича, мамлакатнинг 33 миллион нафардан зиёд аҳолиси, яъни ҳар еттинчи покистонлик сув тошқинларидан жабрланган, қарийб бир миллионта уй вайрон бўлган ёки жиддий зарарланган.

Мамлакат табиий офатлар оқибатларига қарши курашиш миллий бошқармасининг маълумотига кўра,14 июндан буён давом этиб келаётган муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари оқибатида 1061 киши ҳалок бўлган, 1,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Дарёлар тошиши натижасида 3457 километр йўлга зарар етган, 157та кўприк бузилган, 800 минг бошдан ортиқ чорва моллари ўлган.

Ўтган ҳафтада Покистон ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид