Ўзбекистон | 10:18 / 31.08.2022
5694
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига 100 ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш кўзда тутилмоқда. Шулардан, 9 та қонун, 2 та қонун лойиҳаси ҳамда 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари кодекс лойиҳасига яхлит унификация қилиниши назарда тутилмоқда.

Кодекс лойиҳаси мақсади тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Кодекс лойиҳаси асосий вазифалари фуқаролар тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, хусусий мулк, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Кодекс лойиҳаси 8 та бўлим, 34 та боб ва 385 та моддадан иборат. Кодекс лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда фақат кичик тадбиркорлик субъектлари ва йирик солиқ тўловчилар тушунчалари мавжуд);
  • тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида амалга оширилади;
  • кичик – якка тартибдаги тадбиркор (5 нафар ходим), микрофирма – 20 нафар ходим, йиллик айланмаси БҲМ 3 500 бараваригача, кичик корхона – 100 нафаргача ходим, йиллик айланмаси БҲМ 35 минг бараваригача, ўрта – 250 нафаргача ходим, йиллик айланмаси БҲМ 350 минг бараваридан ортиқ бўлмаган, йирик – 250 нафар ходимдан ва йиллик айланмаси БҲМ 350 минг бараваридан ортиқ тадбиркорлик субъектлари;
  • тадбиркорлик субъектлари ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган «хўжалик ширкати» ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;
  • тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;
  • 43 та давлат органи 146 та назорат функциялари ва бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Рўйхатга киритилмаган барча текширувлар бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда;

давлат назорати 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши белгиланмоқда. Бунда:

  • молиявий санкциялар суд томонидан қўлланилади (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);
  • бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига молиявий санкция ва мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда фақат молиявий санкция қўлланилади;
  • биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ушбу қонунбузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;
  • барча талабларни ўз ичига олган тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланмоқда;

қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади (енгиллаштирувчи нормалардан ташқари).

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этиш қуйидаги тартиби белгиланмоқда:

  • субсидия Ўзбекистон президенти қарори билан жорий этилади, тартиб-таомиллари – ҳукумат томонидан белгиланади;
  • субсидиялар асосий йўналишлари белгиланади ва улар «ягона дарча» принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки таклифлари ва халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими (алоҳида дастурлар асосида) жорий этилмоқда.

Ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланмоқда. Бизнес-инкубаторлар ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда.

Давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференциялар бериш тақиқланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид