Жаҳон | 07:42 / 03.09.2022
10367
2 дақиқада ўқилади

G7 давлатлари Россия нефти нархини чеклаш тўғрисида келишиб олди 

Нархларни чеклаш Россиянинг нефть даромадларини қисқартириши ва Украинага қарши урушни молиялаштириш қобилиятини заифлаштириши керак, дея маълум қилди G7 молия вазирлари. 

Фото: Getty Images

«Катта еттилик» мамлакатлари молия вазирлари Россия нефть ва нефть маҳсулотларига чеклов жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Берлиндаги учрашув якунлари бўйича 2 сентябр, жума куни қабул қилинган қўшма баёнотда айтилади. 

«Бугун биз бутун дунё бўйлаб Россиядан хом нефть ва нефть маҳсулотларини денгиз орқали ташиш имконини берувчи хизматларни тўлиқ тақиқлаш ва амалга ошириш бўйича қўшма сиёсий ниятимизни яна бир бор тасдиқлаймиз - бундай хизматларни тақдим этишга фақат нефть ва нефть маҳсулотлари рухсат этилади. Нефть нарх чегарасига риоя қилувчи ва амалга оширувчи мамлакатларнинг кенг коалицияси томонидан белгиланган даражага тенг ёки ундан паст нархда сотиб олинади», дейилади Буюк Британия ҳукумати веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатда. 

Вазирларнинг таъкидлашича, нархларни чеклаш Россиянинг нефть даромадларини қисқартириш ва Украинага қарши «тажовузкор урушини молиялаштириш» қобилиятини заифлаштириш, шу билан бирга, урушнинг глобал энергия нархларига, айниқса, паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун таъсирини қисқартириш мақсадида амалга оширилмоқда. Баёнотда айтилишича, бошланғич нарх чегараси «қатор техник параметрларга асосланган даражада» белгиланади ва бутун коалиция томонидан келишиб олинади. Кейин уни қайта кўриб чиқиш мумкин. 

«Катта еттилик» мамлакатлари молия идоралари раҳбарлари, шунингдек, нефть экспорт қилувчи давлатларни энергия бозоридаги ўзгарувчанликни камайтириш мақсадида қазиб олишни кўпайтиришга чақирди. 

Мавзуга оид