Жаҳон | 10:16 / 04.09.2022
19469
3 дақиқада ўқилади

Камчаткада вулқонга кўтарилишда олти киши ҳалок бўлди

Камчаткада Ключевская Сопка вулқонига кўтарилиш чоғида олти киши ҳалок бўлди. Аввалроқ маҳаллий расмийлар беш кишининг ўлими ҳақида хабар берганди. Жабрланувчилар учун вертолёт юборилган, аммо қутқарувчилар ҳали иқлимга мослашиш жараёнидан ўтиши керак.

TATYANA MAKEYEVA/AFP VIA GETTY IMAGES

«Ҳушсиз ҳолда бўлган яна бир киши вафот этди. Айни вақтга келиб қурбонларнинг жами сони олти кишини ташкил этмоқда», дея тиббий хизматлардаги манбаси сўзларини келтиради ТАСС.

Ҳалок бўлганларнинг барчаси 30 август куни вулқонга кўтарилиш учун саёҳатга йўл олган 12 кишилик гуруҳ аъзолари бўлишган.

3 сентябр куни туристлар 3,3 минг метр баландликдан кўтарила бошлаган. 4,2 минг метр баландликда, юқоридан қулаш оқибатида беш киши ҳалок бўлган, бир кун ўтиб қурбонлар сони олти нафарга етган.

Хабар қилишларича, гидлардан бири оёғини синдириб олган. Бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сунъий йўлдош алоқаси орқали фавқулодда хизматларга хабар берган иккинчи гид жабрланувчиларга ёрдам кўрсатмоқда.

Гуруҳнинг икки вакили 3300 м баландликдаги лагерда бўлиб турибди ва қутқарувчилар келишини кутишмоқда, қолганлар - 4000 метрдан юқорироқ баландликда қолишмоқда. «112» телеграм-канали ёзишича, сайёҳлар 4 минг метр баландликдан мустақил равишда туша олишмайди: уларнинг барчаси узоқ давом этган юриш ва кислород етишмовчилиги туфайли қаттиқ толиқишган.

Ключевская сопка - Евросиёдаги амалдаги энг юқори баландликдаги вулқондир. У 4,8 минг метр баландликда жойлашган.

Қутқарув амалиёти

Қутқарувчилар ҳозирча сайёҳларнинг олдига етиб бора олмаган.  Ми-8 вертолёти ноқулай об-ҳаво шароити туфайли лагер атрофига қўна олмаган ва қайтишга мажбур бўлган.

«Улар 3 300 метр баландликда қўниши режалаштирилганди, аммо паст булутлар тўплами туфайли бунинг имкони бўлмади. Айни вақтда қутқарувчилар ва тиббиёт ходимлари борти яна ҳодиса ҳудудига йўл олган. Улар қўнадиган баландлик об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлади», дейилади Камчатка ўлкаси маълумотлар маркази хабарида.

«Бунга параллел равишда яна бир вертолёт парвозга тайёрланмоқда. Вулқон ҳудуди булутлар билан қопланган, шамол тезлиги секундига 15 метрга етган ва ёғингарчилик кузатилмоқда. Тоғли ҳудудда ҳаво ҳарорати Целсий бўйича - 9 даражагача тушиши мумкин», дея ёзади ТАСС агентлиги.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам қутқарувчилар жабрланганларга дарҳол ёрдамга етиб бора олмайди - улар ҳали иқлимга мослашиш жараёнидан ўтиши талаб этилади.

Сайёҳларга ёрдам учун қуруқлик орқали ҳам 15 кишидан иборат қутқарувчилар гуруҳи жўнатилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид