Ўзбекистон | 19:28 / 07.09.2022
33829
6 дақиқада ўқилади

1-синфга борган айрим қизалоқларга қоп-қора рюкзаклар берилди

5 сентябр куни 1-синфга қадам қўйиб, Президент совғаси, хусусан мактаб рюкзагини олган айрим болаларнинг ота-оналари уларга бошқа рюкзак олиб беришга мажбур бўляпти. Бозорда сотилмай қолган маҳсулотни Президент совғаси сифатида ўтказиб юборишгандек гўё. Айрим ўғил болаларга эса қизлар учун мўлжалланган гулли сумкалар берилган.

Коллаж: Kun.uz

Ҳар йили 1-синфга қадам қўйган болаларга 12 хил турдаги ўқув қуроллари, портфел ва дарсликлар жамланган Президент совғаси берилади. 5-сентябрдан барча таълим ташкилотларида дарслар бошланганини ҳисобга олсак, шу кунда 702 минг нафар бола бу совғаларни олган бўлиши керак эди.

Аммо комплектлар ҳаммага ҳам вақтида етиб бормаган, берилганларининг эса кўриниши (эҳтимол сифати ҳам) турлича.

Мисол учун, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва Избоскан тумани ҳокими шу тумандаги мактабларда тарқатган рюкзакларни худди шу вилоятнинг бошқа туманларида 1-синф ўқувчиларига берилган совғалар билан таққослаш мумкин.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати
Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати

Ҳокимлар нисбатан бежирим рюкзакларни тарқатган бўлса, совғани ҳокимнинг қўлидан олиш насиб қилмаганларга дидсиз, сифати ва нархи гумонли сумкалар насиб қилган.

“Ҳаммага қоп-қора сумкалар берилди, ҳеч бўлмаса қизларники ажралиб турса бўларди”

Юқоридаги суратлардан кўриш мумкинки, Шуҳрат Абдураҳмонов қиз болаларга қизил рангли, ўғил болаларга кўк рангли сумкалар тарқатган. Лекин вилоятнинг бошқа қатор мактабларида аксарият ўғил-қизларнинг совғалари инкубатордан чиққандек бир хил қоп-қора.

Жалақудуқ туманидаги мактаблардан бири / Фото: Kun.uz

Боз устига, уларнинг устига Gucci, Fila, Nike каби хорижий брендлар логотипи туширилган. Ўз-ўзидан аёнки, аслида бу сумкаларнинг бирортаси оригинал эмас. Қизлардан бирига берилган қора рюкзакка спорт сумкаси деб ёзиб қўйилгани ҳам ғалати.

Масъуллар ўз фарзандларига шундай сумкани раво кўрмаслиги эса аниқ.

Жалақудуқ тумани / Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Бизда қиз бола-ю, ўғил болага бир хил қоп-қора сумкалар берилди. Ҳеч бўлмаса, қизларники ажралиб турса яхши эди. Нима ҳам дердик, борига шукр. Аммо қизларнинг ота-оналари бошқа олиб берамиз дейишди”, – деди Kun.uz суҳбатлашган ота-оналардан бири.

Айрим ўғил болаларга қизлар учун мўлжалланган гулли сумкалар Президент совғаси сифатида берилган. / Фото: Kun.uz

Юқоридаги камчиликлар “Президент совғаси” номига ярашмайди. Қайсидир болага сифатлироқ, бошқасига хориж брендларининг логоси катта ва бесўнақай қилиб туширилган, арзонгаров, қоп-қора бўлгани учун бозорда биров олмайдиган рюкзакнинг берилишини қандай изоҳлаш мумкин?

Вазирлик бехабар

Биз ҳолат бўйича Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати билан боғландик. Масъул ходимнинг айтишича, бу ҳадяларнинг ҳар хиллигини кўриб, уларнинг ўзи ҳам ажабланишган.

“Халқ таълими вазирлиги баъзи ўқув қуроллари ва мактаб портфелига талаб катталиги учун совғаларнинг кўриниши ҳар хил бўлиб қолганини, уларнинг қиймати ва сифатининг фарқи йўқлигини айтди. Бизга бу совғалар “Ўқув таълим-таъминот” ДУК томонидан келган, кейин уларни тарқатганмиз.

Режа бўйича “Ўқув таълим-таъминот” ДУК беради, лекин у кимдан ва қаердан олгани бизга маълум эмас. Вазирлик қандай тартибда қилганини билмаймиз, ўзи кечикаётган эди, берилиши билан олдик ва тарқатиб юбордик.

Бошқа вилоятлар билан ҳам телефонда гаплашдик, уларда ҳам шу аҳвол экан”, – деди вилоят ХТБ вакили.

У бошқа туманларда совғалар берилиши нима учун кечикаётгани бўйича ҳам изоҳ берди. Маълум бўлишича, баъзи жойларда Президент совғасидан фақат мактаб портфели келган, лекин унинг ичидаги ўқув қуроллари ва дарсликлар келмагани учун совғалар кечроқ тарқатилган.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев / Фото: Kun.uz

Совғаларнинг турличалиги юзасидан халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев 6 сентябр куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида қуйидагича изоҳ берди:

“Бу бўйича батафсил жавоб беришимиз қийин бўлса керак. Президент совғалари комплектида нималар берилиши бўйича тасдиқланган рўйхат бор. Тендер савдоларида турли (етказиб берувчи) корхоналар ғолиб бўлган бўлса, фарқи шундан бўлиши мумкин. Уни батафсил кўриб, аниқроқ маълумот киритсак бўлади. Аниқ ва батафсил маълумотга эга бўлмаганимиз учун қийналамиз жавоб беришга”.

ХТВ ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, юқоридаги ҳолатлар бўйича ахборот масъулларга етказилган, айни вақтда суриштирув давом этмоқда.

Президент совғалари жами 11 та компаниядан харид қилинган

1-синф ўқувчилари учун Президент совғаларини тайёрлаш ва етказиб бериш учун Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Ўқув таълим-таъминот” ДУК тендер ўтказади. Бу тендерда ғолиб бўлган корхоналар Президент совғалари комплектини тайёрлаш ва етказиб бериш билан шуғулланади.

“Ўқув таълим-таъминоти” ДУК харидларни ташкиллаштириш бўлими Kun.uz'га берган маълумотга кўра, тендер савдосида ҳар битта лот учун 8-9 та корхона иштирок этган, сўнгида эса жами 11 та лот учун 11 та корхона ғолибликни қўлга киритган.

“Бу йил тендер учун жами 117 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Лекин биз бу суммадан анча паст олганмиз, чунки тадбиркорлар чиқиб, ўзининг таклифини бераётганда нархни пасайтиришади. Пулдан иқтисод қилингани учун 117 млрд сўм эмас, ундан пастроқ чиққан. Шунга мувофиқ, тадбиркорлар билан тузилган шартномалар ҳам пастроқ нархларда бўлган”, – дейди бўлим ходими Гўзалой Худойбердиева.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ҳам айрим ўқувчилар “Биринчи қўнғироқ” кунида Президент совғаларини ололмаганди.

Мавзуга оид