Жаҳон | 19:34 / 07.09.2022
15345
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Ғарб Украина борасида хато йўл тутяпти

Туркия президенти Ғарбнинг Украинадаги вазиятга нисбатан ёндашувига қўшилмаслигини айтди.

Фото: AP

Туркия Украина ва Россия билан муносабатларда мувозанатни ушлаб туради. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Белградда сербиялик ҳамкасби Александр Вучич билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида айтди

«Анқара Украинада ўт очиш тезроқ тўхташи тарафдори. Аммо ҳозирги жараён уруш тез орада тугамаслигидан дарак бермоқда», - деди Туркия раҳбари.

Россияни жиддий қабул қилмайдиганлар адашади, деб таъкидлади Эрдўған.

У Ғарбнинг Украинадаги вазиятга нисбатан ёндашувига қўшилмаслигини айтди.

«Мен Ғарбнинг позицияси хатолигини очиқчасига айтаман. Чунки Ғарбнинг ҳаракатлари томонларни гиж-гижлашга асосланган. Ҳарбий қўллаб-қувватлаш ҳақида гапиришади. Аммо аслида, Украинага Ғарбдаги занглаб ётган қуроллар ва темир-терсаклар жўнатилмоқда», - деди Туркия президенти.

«Ҳозирда томонлардан бири ғалаба қозонади деб айта оласизми? Йўқ! Бу урушда ғолиблар йўқ, лекин мағлублар кўп бўлади», - деб таъкидлади у.

Эрдўған Ғарбга газ бермай қўйган Москванинг жавобига эътибор қаратди.

«Россия газ беришни тўхтатди, Европадаги нархлар эса кўтарилди. Ҳозир Европа мамлакатлари биргаликда қишки мавсумдан чиқиш йўлини излаяпти. Бу ҳақда нега аввалроқ ўйламадингиз? Зеро муҳим ресурс Россиянинг қўлида. Бунинг ўрнига газ омборларидаги захираларни таҳлил қилишяпти», - деди Туркия президенти.

Аввалроқ Ражаб Тоййиб Эрдўған Европадаги энергетика инқирозига изоҳ бераркан, «Европа экканини ўраётгани»ни айтганди.

Мавзуга оид