Жаҳон | 19:16 / 07.09.2022
4928
3 дақиқада ўқилади

Нидерландиядаги шаҳарда гўштни реклама қилиш тақиқланди

Нидерландиянинг Ҳаарлем шаҳри маъмурияти дунёда биринчи бўлиб барча жамоат жойларида гўшт маҳсулотлари рекламасини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Маҳаллий «яшиллар» бу иқлим ўзгаришига қарши курашда ёрдам беришига ишонишади.

Фото: Getty Images

DutchNews хабарига кўра, гўшт рекламасини тақиқлаш ҳақидаги қарор расман ўтган ҳафтада эълон қилинди ва у 2024 йилдан кучга киради.

Натижада, 160 минг аҳоли яшовчи Ҳаарлем гўшт рекламасини тақиқлаган дунёдаги биринчи шаҳарга айланди. Бунга сабаб тижорат миқёсидаги чорвачилик иссиқхона газлари чиқиндиларида катта улушга эга экани кўрсатилган.

Нидерландиянинг бошқа шаҳарлари — Амстердам, Ҳаага ва Лейден ҳам рекламаларни тақиқлаш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашмоқда. Бироқ улар ҳозирча фақат авиапарвозлар, ички ёнилғи двигателига эга автомобиллар ва ёқилғи қазиб олувчи компаниялар рекламасини тақиқлаган. Ҳозирча гўштга навбат келмади.

Гўшт рекламасини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси маҳаллий Яшиллар сўл партияси (GroenLinks) томонидан Ҳаарлем шаҳри кенгашига тақдим этилди.

«Гўшт ҳам атроф-муҳитга катта зарар келтиради. Одамларга иқлим инқирозини тушунтириш ва бир вақтнинг ўзида бунинг сабабларидан бири бўлган товарларни сотиб олишга ундаш мумкин эмас», дейди шаҳар кенгашидаги «яшиллар» партияси вакили Зигги Клазес.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари фикрига кўра, чорвачилик соҳаси ҳозирда барча иссиқхона газларининг тахминан 14 фоиз улушига эга, асосан метан сифатида. Унинг асосий манбайи сигирлар, иккинчи ўринда қўйлар.

Эҳтимолий суд даъволари

Ҳаарлемнинг қарори, кутилганидек, мамлакат гўшт саноатига ёқмади, у яқинда «Нидерландия — гўшт мамлакати» деб номланган реклама кампаниясини бошлаганди. Улар ватандошларини гўшт истеъмол қилишга ундаб, унинг мазали ва фойдали, иқтисодиёт учун даромадли эканини тарғиб қилишди.

«Ҳукумат одамларга нима қилиш кераклигини ўргатиш борасида ҳаддидан ошиб кетяпти», деди Нидерландия гўшт саноати марказий ташкилоти вакили.

Ҳаарлем шаҳри кенгашидаги мухолифат, жумладан «Нидерландия манфаати» ўнг партияси (BVNL) вакили ҳам бу қарордан норози. Унинг фикрича, бу тадбиркорлик эркинлиги ва чорвачиликка зарба беради.

«Сиёсий сабабларга кўра рекламани тақиқлаш — деярли диктатура», деди BVNL депутати Жои Радемакер.

Гронинген университети ҳуқуқ профессори Ҳерман Брёрингнинг фикрига кўра, Ҳаарлем кенгаши қароридан норози бўлганлар, масалан, савдо компаниялари сўз эркинлиги бузилгани учун судга даъво аризаси бериши, бу эса қизиқарли суд жараёнига олиб келиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, Нидерландия аҳолисининг қарийб 95 фоизи гўшт истеъмол қилади. Аммо уларнинг ярмидан кўпи гўштни ҳар куни истеъмол қилмайди.

Мавзуга оид