Иқтисодиёт | 12:09 / 12.11.2025
3138
3 дақиқада ўқилади

Ички авиарейслар, гўшт, никоҳ узуги. Йиллик ҳисобда энг кўп қимматлашган маҳсулотлар ва хизматлар

Марказий банк маълумотларига кўра, йиллик нисбатда энг кўп нархи ошган озиқ-овқат маҳсулотлари: суяксиз мол гўшти (+25,3 фоиз), карам (+24,7 фоиз) ва суякли мол гўшти (+24,2 фоиз). Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида никоҳ узуги (+33,4 фоиз), метан (+30,5 фоиз) ва газета (+15,3 фоиз) нархларида кескин қимматлашиш кузатилган. Хизматлар секторида эса ички авиарейслар (+52,3 фоиз), тармоқ газ (+39,2 фоиз), совуқ сув (+35,1 фоиз) нархларида катта ўсиш қайд этилган.

Марказий банк 2025 йилнинг октябрь ойи ҳолатига инфляция кўрсаткичларини эълон қилди.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган, 2023 йилда пасайиб, 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йил октябр ҳолатида 7,8 фоизга тушган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Инфографикага кўра, баъзи озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада пасайган, бошқалари эса кескин ошган:

Йиллик ҳисобда шафтоли (-28,7 фоиз), тарвуз (-21,8 фоиз), булғор қалампири (-19,7 фоиз), узун бошоқли гуруч (-18,3 фоиз), юмалоқ бошоқли гуруч (-18,2 фоиз), бодринг (-17 фоиз), банан (-15,1 фоиз) ва саримсоқ(-14,7 фоиз) нархлари сезиларли даражада пасайди.

Ҳисобот даврида қуйидаги маҳсулотлар нархлари сезиларли қимматлаган:

  • Суяксиз мол гўшти (+25,3 фоиз);
  • Карам (+24,7 фоиз);
  • Суякли мол гўшти (+24,2 фоиз);
  • Кунгабоқар мойи (+22,6 фоиз);
  • Пиёз (+18,9 фоиз);
  • Картошка (+17,9 фоиз);
  • Мол ва қўй жигари (+17,2 фоиз);
  • Қийма (17 фоиз).

Истеъмол нархлари индекси саватидаги умумий 170 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 150 тасининг (88 фоиз) йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлди.

Ноозиқ-овқат товарлар

Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан пропан (-18 фоиз), А4 қоғоз (-3,9 фоиз), йирик ошхона жиҳозлари (-3,5 фоиз), кондиционер (-1,3 фоиз), овқат тайёрлаш учун приборлар (-1 фоиз) ва телевизор (-0,3 фоиз) арзонлаган.

Олтин нархлари глобал бозорда рекорд даражада қимматлаши заргарлик буюмларида ҳам акс этган – никоҳ узуги 33,4 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида метан (+30,5 фоиз), газета (+15,3 фоиз), бензин (+11,7 фоиз), дезодорант (+10,3 фоиз), табиий гуллар (9,8 фоиз) нархларида кескин қимматлашиш кузатилган.

Истеъмол нархлари индексидаги 250 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 243 таси (97 фоиз) бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан кам бўлган.

Хизматлар

Йиллик ҳисобда пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархлари 4,8 фоизга, микромолиявий хизматлар 0,2 фоизга арзонлади.

Нархи энг кўп қимматлаган хизмат ички авиарейслар бўлди – ҳисобот даврида бу хизмат нархи 52,3 фоизга ошган. Шунингдек, тармоқ газ (+39,2 фоиз), совуқ сув (+35,1 фоиз), музей хизматлари (+32,3 фоиз), чиқинди ташлаш (+28,6 фоиз), суюлтирилган газ (+25 фоиз), шаҳар автобусида йўл ҳақи (+22,3 фоиз), давлат боғчаси (+21 фоиз), марказий иситиш (+20,9 фоиз), электр энергияси (+18,8 фоиз) нархларида ҳам кескин қимматлашиш кузатилган.

Истеъмол нархлари индексидаги 90 турдаги хизматларнинг 59 таси (66 фоиз) бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид