11:58 / 10.09.2022
15012

Чилонзорда кесилган 58 туп дарахт иши бўйича 3 киши ушланди

Табиатга етказилган 797,7 млн сўм зарар қурувчи ташкилот раҳбари томонидан тўлиқ қопланган, жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи шахс ушланган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ҳудудда қурувчи ташкилот томонидан 58 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилганди.

Бош прокуратура эълон қилган хабарда айтилишича, рўй берган воқеа оқибатида табиатга етказилган 797,7 млн сўм зарар қурувчи ташкилот раҳбари томонидан тўлиқ қопланган.

Шунингдек,  қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи шахслар Жиноят-процессуал кодекс 221-моддаси тартибида ушланган.

7 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида дарахтлар ноқонуний кесилиши бўйича хабар тарқалганди. 

Давлат экология қўмитасига кўра, ҳудуд “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли экани маълум бўлган. Қурилиш учун ажратилган ҳудуд жами 0,20 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, шу йил 20 январда экология инспекторлари томонидан дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар борлиги юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Махсус ишчи гуруҳ томонидан 8 сентябр тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилингани аниқланган.

Экоқўмитага кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 797 700 000 сўмга баҳоланган.

Top