Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи қамоққа олинди
Фарҳод Деҳқонов мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланяпти. Бош прокуратуранинг Kun.uz'га маълум қилишича, у тадбиркорга дарахтларни кўчириб ўтказишга рухсат бериш орқали уларнинг нобуд қилинишига шароит яратиб берган бўлиши мумкин. Экология масъуллари тадбиркорнинг мурожаатига рад жавоби берилганини айтишганди.
Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов эҳтиёт чораси сифатида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.
Деҳқонов Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги зарарга сабаб бўлган ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)да кўзда тутилган қилмишни содир этганликда гумонланмоқда.
Бош прокуратурага кўра, у ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, дарахтларни кўчириб ўтказишга рухсат бериш орқали уларнинг йўқ қилинишига шароит яратиб берган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz 9 сентябр куни Тошкентнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида иккита яшил ҳудуд пайҳон қилингани ҳақида репортаж эълон қилган эди. Чилонзордаги ҳолатда 58 туп дарахт кесиб ташланган бўлса, Учтепада 42 туп дарахт қуриб қолган.
Иккинчи ҳолат “Ватан” кинотеатри олдида, собиқ трамвай депоси ўрнида рўй берган. Бу ерда қуриб қолган 42 туп дарахтдан 27 таси кўчириб ўтказилгани учун, 4 таси эса қаровсизлик оқибатида қуриб қолган. Экологларнинг биринчи хатловида бор бўлган 11 та дарахт эса ҳозир йўқ.
Kun.uz мухбири репортажни тайёрлаш жараёнида Учтепа тумани экология бўлими бошлиғи Азимжон Исроиловдан дарахтларни кўчириш учун тегишли рухсат олинган-олинмагани ҳақида сўраган эди.
“Тадбиркорлик субъекти “Goroda stroy” МЧЖнинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2021 йил 4 октябрда келиб тушган мурожаатига асосан, давлат инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, ҳудуддаги дарахтларни кўчириб ўтказиш ва кесиш бўйича берилган мурожаатга рад жавоби берилган”, – деганди Исроилов.
Экология қўмитаси баёноти ҳам буни тасдиқлайди. Унга кўра, “Goroda stroy” МЧЖнинг дарахтларни кесиш бўйича сўрови 2021 йил 11 октябрда рад этилган ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан огоҳлантириш берилган.
Учтепа тумани депутати Нуриддин Зайниддиновнинг Kun.uz мухбирига айтишича, ҳақиқатан ҳам шаҳар экология бошқармаси тадбиркорга дарахтларни кўчиришга рухсат берган бўлиши мумкин.
“Қурувчида Тошкент шаҳар экология бошқармасининг хати бор. Унга кўра, тадбиркорга агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳудуддаги дарахтларни кўчиришга рухсат берилган. Акс ҳолда, жавобгарликка тортилиши ёзилган.
Кейин, бир муддат олдин шаҳар экология бошқармаси Тошкент шаҳар прокуратурасига тадбиркор томонидан агротехник қоидаларга риоя қилинмаётгани бўйича хат киритган”, – деди Зайниддинов.
Зайниддинов ўзи назарда тутган хатнинг сканер вариантини ҳавола қилди. Унда пойтахт экобошқармаси 2022 йил 10 февралда “Goroda stroy” МЧЖга ҳудуддаги 22 та манзарали дарахтни илдиз қисмига шикаст етказмаган ҳолда, агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолда кўчириб ўтказишга эътирози йўқлигини билдиргани кўринади.
Маълумот учун, Фарҳод Деҳқонов Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи лавозимига 2021 йил ноябр ойида тайинланган.
У ўтган ойда Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида йўл кенгайтириш ишлари сабаб юздан ортиқ дарахтга зарар етказилганида ўзини лавозимига номуносиб тутганди. Деҳқонов дарахтларга зарар етказган қурувчиларни танқид қилиш, бунинг экологияга зарари ҳақида бонг уриш ўрнига, журналистларни дарахтларга ишлов бериб, қайта ўстириш мумкинлигига ишонтиришга уринганди.
“Бу ишлар соҳа мутахассислари, туман ободонлаштириш бўлими агрономлари ва бизнинг экологлар назоратида бўлган. Ушбу лойиҳа дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларга зарар етказмасликка ҳаракат қилиб лойиҳалаштирилган”, – дея йўл кенгайтириш лойиҳасини оқлашга уринганди у.
Бироқ ўшанда Экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов Деҳқоновнинг гапларига зид баёнот бериб, бу лойиҳа учун экологлар хулосаси олинмаганини айтганди.
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024