12:04 / 11.09.2022
12891

Тошкентдан Термизга учган самолёт Бухоро аэропортига йўналтирилди

Uzbekistan Airways’нинг Тошкентдан Термизга учган самолёти Бухоро аэропортига йўналтирилди. «Новости Ташкентского неба» Telegram-канали хабар беришича, HY-065 йўловчи рейси Термиз аэропортидаги ноқулай об-ҳаво шароити — кучли шамол ва чанг бўрони туфайли Бухоро шаҳридаги захира аэропортга йўналтирилган. FlightRadar24 маълумотларига кўра, 11 сентябр куни соат 7:40 да учган самолёт соат 9:00 да Бухоро аэропортига қўнган.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан маълумот берди.

Авиакомпания 11 сентябр куни Тошкент—Термиз йўналиши бўйича HY-065 рейси Термиз шаҳридаги об-ҳаво шароити (кучли қум шамоли) туфайли ўз йўналишини ўзгартириб, Бухоро халқаро аэропортига қўнганини тасдиқлади.

Қайд этилишича, ҳозирда 124 нафар йўловчи Бухоро халқаро аэропортида бўлиб турибди. Термиз шаҳрида об-ҳаво ўзгариши билан HY-065 авиақатнови белгиланган йўналиш бўйича амалга оширилади.

«Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.

Top