Ўзбекистон | 16:07 / 14.09.2022
9282
3 дақиқада ўқилади

Андижонда 342 нафар спортчига ваъда қилинган совғалар берилмаяпти

Май-июн ойларида ўтказилган Беш ташаббус олимпиадасининг Андижон вилояти босқичида ғолиб бўлган спортчиларнинг совғалари 2 ойдан бери бермай келиняпти. Республикада яхши натижа кўрсатган ёшларнинг маҳалласига спорт майдончалари қуриб берилиши ваъдаси ҳам ҳали бажарилмаган.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси

“Мусобақада совға учун қатнашдингми?”

Асакалик Озода Ортиқова стол теннис бўйича вилоятда ғолиб чиқиб, республика босқичида 2-ўринни олган. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтишича, совғаларни сўраб ҳокимиятга, прокуратурага ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилган.

“Бир неча бора мурожаат қилдим. Бир ҳафтадан кейин, уч кундан кейин, ўн кундан кейин деб ҳалигача совғаларимизни беришмади. Мен-ку республикада ўрин олиб, оиламга нимадир олиб кирдим. Аммо атрофимдаги бир нечта спортчилар совғаларини олишолмади”, – дейди у.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси

“Асака тумани ҳокимининг олдига бориб, медалимни кўрсатиб, туман шаънини ҳимоя қилиб келганимни, бунинг эвазига рағбатлантириш тугул ўзимга тегишли бўлган совғаларни беришмаётганини айтдим. Бироқ ҳоким: “Мусобақаларда совға учун қатнашдингми?” деб жавоб қайтарди. Ахир биз туман шаъни учун курашдик-ку”, – дейди Озода Ортиқова.

Беш ташаббус олимпиадасига ишонч сусайган

Исми сир қолишини сўраган ёшлар етакчиларидан бири мазкур мусобақанинг иккинчи босқичида иштирок этиш истагидаги ёшларнинг ишончи сусайганини айтади.

“Ғолибларга совғалар вақтида берилмагач, уларнинг иштирок этиш иштиёқи ҳам сусайди. Мусобақаларда асосан уюшмаган ёшлар қатнашган эди. Фарзанди кичик бўлса-да, бориб қатнашган аёлларимиз бор эди. Улар ҳам оиласига қуруқ қўл билан киришган. Энди мусобақаларда иштирок этинглар деб айтгани ҳам уяляпмиз”, дейди ёшлар етакчиси.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси

“Бугуноқ эгаларига етказилади”

Суриштирувимиз ортидан бугун, 14 сентябр куни вилоят ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев ғолибларга совғалар тайёрлиги, “бугуноқ эгаларига етказилиши”ни айтди.

“Совғалар тайёр, омборда турибди. Биз вилоятда катта тадбир қилиб бермоқчи эдик. Спортчиларни бир жойга жамлаш имкони бўлмади. Шунинг учун совғалар вақтида эгаларига етказилмасдан қолди. Бугундан қолмасдан туманлар орқали совғалар эгаларига етказилади”, – деди Элёрбек Холмирзаев.

Спорт майдончалари қурилиши ҳам бошланмаган

Республика босқичида яхши натижани кўрсатиб, юқори ўринларни эгаллаган ёшларнинг маҳалласига спорт майдончалари қуриб берилиши кўзда тутилган. Ва ғолибларга сертификатлар топширилган.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси

Бироқ орадан 2 ойдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, ғолиб маҳаллаларда ҳамон қурилиш ишлари бошланмаган. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари Ойбек Йўлдошевнинг айтишича, спорт майдончалари қурилиш жойлари тайёрланган, фақат ҳали ишлар бошланмаган.

“Тез орада ишлар бошланади”, – дейди у.

Беш ташаббус олимпиадаси ғолибларига совғаларнинг вақтида берилмаслиги ортидан, ёшлар орасида бу мусобақага ишончсизлик пайдо бўляпти. Ўйлаймизки, мутасаддилар ҳолатдан тегишли хулоса чиқаришади.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Абдували Қурбонов
Муаллиф Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид