Жаҳон | 08:26 / 14.09.2022
5174
2 дақиқада ўқилади

КХШТ «вазиятни баҳолаш учун» Арманистонга миссия юборади

Арманистон ва Озарбойжон чегарасидаги навбатдаги кескинлашувдан кейин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиб Зас бошчилигида минтақага махсус миссия юборишга қарор қилди.

Фото: APA

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Арманистон-Озарбойжон чегарасида вазият кескинлашгани сабабли ўз миссиясини Арманистонга юборишга қарор қилди. Бу ҳақда 14 сентябр, чоршанба куни КХШТ сайтида маълум қилинди. 

Арманистонга КХШТ бош котиби Станислав Зас бошчилигидаги миссия «мавжуд вазиятни баҳолаш, минтақадаги вазият бўйича давлат раҳбарларига батафсил ҳисобот тайёрлаш ва юзага келган кескинликни юмшатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш» учун юборилади, деб тушунтирди ташкилот. Бундан ташқари, КХШТ масъулияти доирасидаги вазиятни доимий мониторинг қилиш учун ишчи гуруҳ тузиш таклифи келишиб олинди.  

13 сентябрга ўтар кечаси Ереван ва Боку чегарадаги вазият кескинлашгани ҳақида хабар берганидан сўнг, Арманистон Россия ва КХШТдан ёрдам сўрашга қарор қилди. Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Озарбойжон чегарадаги Варденис, Сотк, Артаниш, Ишхонасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишида ўқ узган. 

Боку, ўз навбатида, Ереванни чегаранинг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларидаги «кенг кўламли диверсия»да айблади. «Ушбу ҳаракатларнинг зудлик билан олдини олиш бўйича бўлинмаларимиз томонидан кўрилган шошилинч чоралар натижасида жанг содир бўлди», деб таъкидлаб ўтди Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ва «Арманистон қуролли кучларининг ўқ отиш нуқталарини ўчириш, ҳарбий можаро кўламининг кенгайишига йўл қўймаслик мақсадида «зарурий чоралар» кўрилганини таъкидлади.

Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг сўзларига кўра, можаролар оқибатида камида 49 арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Озарбойжон, ўз навбатида, ҳарбийлар орасида 50 нафар киши ҳалок бўлганини эълон қилди. 13 сентябр куни эрталаб Озарбойжон матбуоти томонлар ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳақида хабар тарқатди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид