Жаҳон | 12:05 / 15.09.2022
28690
10 дақиқада ўқилади

Россия пропагандаси Харкивдаги мағлубиятга қандай муносабатда бўлди?

Украина қуролли кучлари Харкив областида кенг кўламли қарши ҳужум ўтказди. Россия қўшинларининг чекиниши Россия Мудофаа вазирлиги томонидан тан олинди, аммо бу «қайта гуруҳлаш» деб аталди.

Фото: «Россия 1»

Россия давлат телеканаллари фронтда юз бераётган жиддий ўзгаришларни у ёки бу даражада инкор этишди, бироқ ватанпарварлик руҳидаги телеграм каналлари «душманга ташаббус бериб қўйилгани» учун жавобгарларни қидирмоқда.

Украина ҳарбийларининг Харкивдаги фаол қарши ҳужуми сентябр ойининг илк ҳафтасида бошланган эди. 10 сентябр куни Россия Мудофаа вазирлиги Балаклия ва Изюм шаҳарларидан чекиниш ҳақида эълон қилди, аммо ҳарбий департамент буни «Донецк йўналишидаги ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш учун қўшинларни қайта гуруҳлаш» деб атади.

11 сентябр оқшомида Россия ҳарбийлари Украинанинг «муҳим инфратузилма объектларига» зарбалар берди. Натижада бешта ҳудуд тўлиқ ёки қисман электр энергиясиз қолди.

Телевизорда нима дейишди?

Россия давлат каналлари ҳарбийларнинг Харкив областида чекиниши ҳақида жуда оз ва вазминлик билан гапирди.

«Вести недели» («Россия 1»)

Дмитрий Киселёв ўз дастурининг бошида чекиниш ҳақида гапирди. У ўтган ҳафта уруш бошланганидан бери «энг оғирларидан бири» бўлгани ва «айниқса Харкив йўналишида қийин бўлганини, душманнинг устун кучлари ҳужуми остида рус қўшинлари илгари озод қилинган аҳоли пунктларини тарк этишга мажбур бўлишгани»ни айтди.

Шу билан бирга, бошловчи Украина армияси катта йўқотишларга учрагани, рус қўшинлари вазиятни барқарорлаштиришга ва қамалдан қутулиб қолишга муваффақ бўлганини таъкидлади.

Купянскка қилинган ҳужум ҳақида батафсил тўхталиб, Украина ҳарбийлари бошқа нарсалар қатори турар жой ҳудудларини ўққа тутгани ва уларнинг қисмлари асосан Ғарб ёлланма аскарлари назоратида эканлиги айтилди.

Шунингдек, «Вести недели»да Херсон областидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида маълумот берилиб, Украина қўшинлари «ҳужум бошида эришган муваффақиятларни мустаҳкамлай олмагани» (ва гўё шу сабабли «тинч аҳолини террор қилишни бошлагани») ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ҳудудида рус ҳарбийлари ҳужумкор операцияларни давом эттираётгани айтилди.

Киселёв, шунингдек, янги босиб олинган аҳоли пунктларида украиналик ҳарбийлар «филтрлаш» ўтказаётганини, «неонацистлар» тинч аҳолини, айниқса, Россия паспортини олишга муваффақ бўлганларни ўлдириш билан таҳдид қилишаётганини айтди. «Буларнинг барчаси жуда ачинарли», деб хулоса қилди бошловчи.

«Итоги недели» (НТВ)

«Итоги недели» кўрсатувида бошловчи Ирода Зейналова чекиниш ҳақида батафсил тўхталмади, аммо Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенковнинг брифинги намойиш этилди. У «Донецк йўналишида ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш учун Изюм-Балаклия гуруҳини тартибли равишда кўчириш» бошланганини эълон қилди.

Воқеа жойидан қилинган репортажда Харкив областида жанглар давом этаётгани, «лекин энг ёмон вазиятнинг олди олингани, яъни Россия қуролли кучлари қуршовда қолмагани» айтилди. Мухбирнинг сўзларига кўра, «ҳарбийларнинг Украина-Америка-Европа кучлари фронт бўйлаб тарқоқ ҳолда жойлашган ва ноқулай аҳволда қолган». «Бироқ, бу Киевга ғалаба ҳақида фейк маълумотларни тарқатишига тўсқинлик қилмайди», деди мухбир.

Шунингдек, «Итоги недели»да рус ҳарбийларининг Донецк йўналишидаги муваффақиятли операциялари давом этаётганига урғу берилди.

«Воскресное время» (Биринчи канал)

Биринчи каналнинг якуний дастурида чекиниш ҳақида деярли айтилмади.

«Сўнгги кунлардаги шиддатли жанглар: Херсонга ёриб кириш учун катта йўқотишларга учраган жангариларнинг қолган қисми йўқ қилиниши, «ДХР» ҳудудидаги стратегик муҳим нуқталарни озод қилиш, қўшинларни қайта гуруҳлаш», бошловчи сўнгги воқеалар ҳақидаги хабарларни шундай бошлади.

«Биринчи канал» Конашенковнинг брифингидан парчаларни намойиш этди, унда Украина армиясининг катта йўқотишлари ҳақида гапирилди. Бироқ, «қайта гуруҳлаш» бошлангани ҳақидаги баёноти кўрсатилмади.

Шундан сўнг, «қўшинларни қайта гуруҳлаш жараёнида жангчилар ва қўмондонлар кўрсатган қаҳрамонликлар тўғрисида» ҳисобот бошланди. Мухбир «қайта гуруҳланиш»нинг моҳияти ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади, фақат мудофаа вазирлигининг «Изюм-Балаклия гуруҳи операцияларини қисқартириш ва тартибли кўчириш жараёни» ҳақидаги расмий таърифини такрорлади.

«60 минут» (Россия 1)

Сиёсий ток-шоуларда ҳам мавзу атрофлича муҳокама қилинмади. Масалан, бошловчи Олга Скабеева «Россия 1» каналидаги «60 минут» дастурида аслида Украина қўшинлари Купянскни қисман озод қилганини деярли тасдиқлади. Тўғри, у «Купянскнинг шарқий қисми қўшинларимиз томонидан ушлаб турилибди», деди.

«Ахмат» махсус отряди қўмондони Апти Алаудинов (видеода гўё Украинадан туриб) рус ҳарбийларининг Харкив областидаги чекинишини «тўғри қарор» деб атади – «агар қўшинлар кўчирилмаганида жуда жиддий йўқотишлар бўлар эди», деди у. Шунингдек, «Бутун фронт чизиғи бўйлаб вазият барқарорлашди. У ерда бошқа ҳеч ким ҳужумга ўтмаяпти», деди у қўшимча қилиб.

Ток-шоу бошловчилари ва иштирокчилари Украина томони кўплаб йўқотишларга дуч келаётганини таъкидлаб, Россиянинг чекинишини ҳаспўшлашга уринишди. Олга Скабееванинг таъкидлашича, «6 сентябрдан 10 сентябргача Украина қуролли кучлари Кривой Рог, Миколайив ва Харкив йўналишларида 4 мингдан ортиқ жангчи йўқотди. Яна бир бор қайтараман, 4 минг киши ҳалок бўлди. 8 мингдан ортиқ киши яраланди».

RUSSIA 1 TV SCREENSHOT

Сенатор Константин Долгов Харкивда олға силжаётган украиналик жангчиларни ҳалокатга маҳкум деб атади: «Уларнинг кўпчилиги уйга қайтмайди. Бу вақт масаласи. Оналарига ачинаман, лекин бу Зеленский ва Ғарбнинг танлови».

Россияпараст телеграм каналларида нима дейишмоқда?

Россия ватанпарварлари ва тарғиботчиларининг Харкив областидаги чекинишга муносабати кўпроқ ҳиссиётли бўлди. Уларнинг аксарияти анъанавий саволларни беришди – ким айбдор ва нима қилиш керак.

Ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган «ЛХР» собиқ мудофаа вазири Игор Гиркин (Стрелков) истеҳзо билан тан олди: «Изюм, Балаклия ва Купянск шаҳарларини украиналик ҳурматли ҳамкорларга топшириш операцияси аъло даражада бажарилди (аниқ режа доирасида ва ҳатто муддатидан олдин). Оқибатда Харкивнинг Украина ҳарбий-фуқаролик маъмурияти томонидан назорат қилинадиган ҳудуди сезиларли даражада камайди».

Унинг сўзларига кўра, Россия қуролли кучларининг Харкив йўналишидаги мағлубияти асосида ҳам объектив, ҳам субъектив омиллар ётади: «Энг асосий объектив омил – қарама-қаршилик фронтини кенг миқёсда тўсиш учун зарур бўлган ҳарбий қисмлар ва уларнинг таркибидаги аскарларнинг ўткир етишмаслиги. Шунингдек, Фаол Армия ўрнига «Тришкин кафтан»га (тўлиқ ва қисман жанговар қисмларни турли «тешикларни» ёпиш учун у ёқдан бу ёққа кўчиравериш) эга бўлиш қачонлардир шундай аянчли оқибатларга олиб келиши керак эди. Харкив фронтида шундай бўлиб ҳам чиқди (эҳтимол, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам юз бериши мумкин)».

Давлат думаси депутати, ёзувчи Захар Прилепин (2016-2018-йилларда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» батальонларидан бирининг қўмондони ўринбосари) 10 сентябр куни «агар хафа бўлишни истамасангиз» янгиликларни ўқимасликка чақирди.

Украинада жанг қилаётган рус миллатчилари ва кўнгиллиларининг телеграм каналларида баёнотлар янада кескинроқ бўлди.

«Рус империяси легиони» ҳарбий қисми билан боғлиқ бўлган ПАРТИZАН каналида 11 сентябр куни шундай ёзилди: «Изюм ва Харкив областининг бошқа шаҳарлари Россия ҳукумати томонидан олдиндан келишилган ҳолда топширилган. Бу ҳақиқат! Лекин биз, олдинги сафдагилар буни энг охирида билдик».

«Ҳурматли Стрелков тартибли чекиниш деб атайдиган нарса аслида жанг майдонидан қочиш эди. Аскарлар битта пулемёт ва нарсалари солинган сумка билан пиёда кетиши. Улар қўмондонлик томонидан ташлаб кетилди, қаерга боришни ҳам билмай қолишди. Изюмдан чиқарилган кучлар билан нафақат минтақани ушлаб туриш, балки Словянскка муваффақиятли ҳужум қилиш мумкин эди. Қарор табиий эканини кўрсатиш учун айрим қисмлар кучлар тенг бўлмаган жангга ташланди. Оқибатда, улар ҳалок бўлди ёки асирга олинди. Кўплаб қуроллар ва техника украиналикларга қолдирилди».

Hard Blog канали шундай ёзди: «Ташаббус душманга бериб қўйилганига ким айбдор? Ҳеч ким? Хўп, майли. Агар ҳеч ким айбдор бўлмаса, йигитларни қурбон қилишда давом этамиз. Кўриниб турибдики, айнан улар айбдор.

«Ҳозир танқиднинг мавриди эмас...», «Ҳозир энг муҳими...», «Вазият оғир, аммо...» – буларнинг бари тарғиботчиларнинг тасалли бериши ва баҳона. Ҳаммаси осон – айбдорлар отиб ташланиши керак. Ворисларининг кўз ўнгида. Кафолат бераман – биз операцияларни қандай режалаштиришни ва қандай курашишни билишимиз дарҳол маълум бўлади ва хатолар сони сезиларли даражада камаяди».

RT раҳбари Маргарита Симонян шундай ёзди: «Умуман олганда, албатта, турбоватанпарварлар учун оғир кун. Мағлубият тарафдорлари учун ҳам. Иккаласи ҳам юрак хуружига дуч келиши мумкин».

Унинг фикрича, «бу вазият ҳаммани бирлаштириши керак».

Мавзуга оид