Жаҳон | 10:04 / 17.09.2022
5232
4 дақиқада ўқилади

Amnesty International: Расмийлар Навалнийнинг руҳини синдиришга уринмоқда

Россияда қамоқхона раҳбарияти Навалнийнинг руҳини синдириш учун йиллар давомида ишлаб чиқилган шафқатсиз усуллардан фойдаланмоқда, деб маълум қилди Amnesty International. 

Фото: Reuters

Amnesty International (AI) ноҳукумат ташкилоти Россия расмийлари мухолифатчи Алексей Навалнийнинг адвокат билан махфий учрашишига рухсат бермай, миллий қонунчилик ва ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этаётганини билдирди. 16 сентябр, жума куни Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича AI директори Мари Стразерснинг тегишли баёноти эълон қилинди

Стразерс «режимни бузганлик учун оғир жазолар» ва сиёсатчини «у билан гаплашиши ва ҳатто қараши ҳам тақиқланган» бошқа маҳбуслар билан мулоқот қилишига йўл қўймаслик уринишларига эътибор қаратди. 

Навалнийнинг соғлиғи ва аҳволи жиддий таҳдид остида, бу «шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала»га тенг, деди ҳуқуқ фаоли. 

Унинг сўзларига кўра, Россия қамоқхонаси маъмурияти колониядаги ҳаётини чидаб бўлмас ҳолатга келтириш учун Алексей Навалнийнинг руҳини синдириш мақсадида кўп йиллик шафқатсиз усуллардан фойдаланмоқда. 

«Маҳкум Алексей Навалнийнинг зудлик билан ва сўзсиз озод этилишини ҳамда шафқатсиз муносабатда, шунингдек, унинг ноқонуний қамоққа олинишида айбдор бўлганлар жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз», — дея маълум қилди AI. 

Навалний тарафдорлари томонидан яратилган «Популярная политика» YouTube каналининг 13 сентябр куни маҳбусларнинг қариндошлари, шунингдек, «Русь сидящая» жамғармаси асосчиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Романовага асосланиб хабар беришича, Владимир областидаги Мелехово 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сақланаётган маҳкумларга мухолифат етакчиси Алексей Навалнийга қараш ҳам тақиқлаб қўйилган.

Телеканал маълумотларига кўра, колонияда сигнал – учта қўнғироқ эшитилса, маҳбуслар Навалнийни кўрмаслик учун юз ўгиришлари ёки деразадан узоқлашиши керак. 

Сўнгги бир неча ҳафта ичида мухолифат етакчиси тўрт марта жазо камерасига (ЖИЗО) жўнатилди. Август ойи ўрталарида у бу чора тугмани ечиб қўйгани учун қўллангани ҳақида хабар берди. «Мени баракдан комиссияга чақиришди, у ерда видеода мен саноат зонасида бўлганимда, иш кийимнинг юқори тугмачасини мунтазам ечиб қўйишим кўринганини айтишди. Албатта, бу мени тузатиб бўлмайдиган ёвуз одам сифатида тавсифлайди. Шунинг учун мени жазо камерасига жойлаштириш қарори қабул қилинди», — дейилади унинг номидан Facebook’да эълон қилинган постда. Сиёсатчининг сўзларига кўра, у ўша пайтда уч кунга ЖИЗОга жўнатилган. Навалний бундан бир неча кун олдин колонияда бир кишилик касаба уюшмасини тузган эди. 

Алексей Навалний февраль ойи бошида Москванинг Симоновский туман суди «Ив Роше» иши бўйича унга чиқарилган шартли ҳукмни ҳақиқий 3,5 йиллик қамоқ жазосига ўзгартиргани учун озодликдан маҳрум этиш жойларига жўнатилди. Расмий сабаб - мухолифатчи жазони ижро этиш комиссиясига ҳисобот бериш учун белгиланган кунларда келмаган. Аммо, у 2020 йил августидан бошлаб, «Новичок» билан заҳарлангани ҳамда Германияга даволаниш учун олиб кетилганидан сўнг, умуман инспектор ҳузурига келишни тўхтатган. 

Навалний ва унинг адвокатлари судга мухолифатчи жисмоний жиҳатдан инспекторнинг олдига бориш имконига эга бўлмаганини билдирган, сабаби у Германия клиникаларидан бирида аввал стационар, кейин эса амбулатор даволанган ва бу ҳақда жазони ижро этиш инспекциясини хабардор қилган. 

22 март куни суд Алексей Навалнийни «фирибгарлик ва судни ҳақорат қилиш» иши бўйича тўққиз йилга озодликдан маҳрум этди. Лефортово судининг сайёр мажлиси Навалний «Ив Роше» иши бўйича жазо муддатини ўтаётган Покровдаги 2-сонли колонияда ўтказилди. Прокурор Надежда Тихонова унга 13 йиллик жазо муддати берилишини сўради. Навалний 14 июнь куни ИК-6’га ўтказилди.

Мавзуга оид