Жаҳон | 15:21 / 17.09.2022
20746
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Тожикистон билан тўқнашувда 24 киши қурбон бўлганини маълум қилди

Қирғизистон матбуотига кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашув оқибатида жабрланганлар орасида камида олти нафар бола бор.

Видеодан кадр

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги тўқнашувлар натижасида 24 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, яна 103 киши жароҳат олди, деб хабар қилди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябр, шанбага ўтар кечаси. «Тезкор маълумотларга кўра, Боткен вилояти касалхоналарига 24 кишининг жасади олиб келинган. Боткен вилоят бош касалхонасига - 12 киши, Лейлек умумий тиббий амалиёт марказларига - 10, Қудунду - 2 киши олиб келинган», - дея маҳаллий ОАВ вазирлик матбуот релизидан иқтибос келтирган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев ўз навбатида, тинч аҳоли вакиллари хавфсиз жойларга эвакуация қилингани учун қурбонлар «камроқ» эканини таъкидлади. Ташиевнинг қирғиз тилидаги баёноти 16 сентябр куни кечқурун Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинди. 

Бундан ташқари, қирғиз матбуотининг хабарларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида ўн беш ёшли қиз, жабрланганлар орасида тўққиз ойликдан ўн бир ёшгача бўлган камида олти нафар бола ҳам бор. 

Тожикистон Қирғизистон билан чегарадаги можаронинг кескинлашуви чоғида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони ҳақида ҳозирча расмий маълумот бермаган. 

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ҳудудларнинг барчасида ҳам белгиланмаган ва шу сабабли вақти-вақти билан тўқнашув зонасига айланиб бормоқда. У ерда охирги марта вазият 14 сентябр куни кескинлашди, ўшанда чегарачилар унинг учта участкасида отишма келтириб чиқарди.

16 сентябр куни эрталаб Қирғизистон чегара хизмати Тожикистон томони Экитош, Чирдобо, Қуммозор ва Ортобўз ҳудудларидаги чегара отрядлари ва қирғиз томони позицияларини ўққа тута бошлаганини маълум қилди. Боткен чегара отрядига қарашли «Кўктош» чегара постига қарши ҳудуд қуроллардан, шунингдек, миномётлардан ўққа тутилгани айтилади. Айни вақтда Қирғизистон томони Тожикистонни қўшни давлат ҳудудининг бир қисмини тортиб олишга уринаётганликда айблади. 

Шу билан бирга, Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини «оғир қуроллардан» ўққа тутишда айблади. 

16 сентябр куни тушдан кейин ОАВ Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар тарқатди. 

Шу куни, 16 сентябрда Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Абдикарим Алимбаев Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати таъкидлашича, бу қадам «минтақада тинчлик ўрнатиш, можаро ўчоқларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларни эвакуация қилиш ва жойлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш, аҳоли ўлимининг олдини олиш ва тегишли кучларни сафарбар қилиш мақсадида» амалга оширилган.

Мавзуга оид