Жаҳон | 14:40 / 17.09.2022
17468
2 дақиқада ўқилади

Россия Адлия вазирлиги Максим Галкинни «хорижий агентлар» рўйхатига киритди

Россиялик шоумен Россиянинг Украинага қуролли бостириб киришини танқид қилди ва қочқинларга ёрдам бериш учун маблағ юборди. Галкин Россияда «хорижий агентлар» рўйхатига киритилган 23-жисмоний шахсдир.

Фото: РИА Новости

Россия Адлия вазирлиги россиялик артист Максим Галкинни «хорижий агент» вазифасини бажарувчи жисмоний шахслар рўйхатига киритди. Бу ҳақда 16 сентябр, жума куни вазирлик сайтидаги реестрда маълумот пайдо бўлди. Адлия вазирлиги хулосасига кўра, Галкин сиёсий фаолият билан шуғулланяпти ва хорижий манба - Украинадан ёрдам оляпти.

Максим Галкин жисмоний шахслар - «хорижий агентлар» рўйхатига киритилган 23-шахс бўлди. У бир неча бор Россиянинг Украинага қуролли босқинини очиқчасига танқид қилди. 24 февралда - ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг, у шундай деб ёзган эди: «Мен нима ҳис қилаётганимни сўз билан ифодалай олмайман! Қандай қилиб буларнинг барчаси юз беряпти». Кейинчалик Галкин концерт беришни бошлади, улардан тушган маблағлар украиналик қочқинларга ёрдам бериш учун юборилди. 

Россия федерал телеканаллари Галкин билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Унинг ўрнига Николай Цискаридзе «Биринчи канал»даги «Сегодня вечером» дастурининг бошловчисига айланди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сентябр ойи бошида Галкин «жуда ёмон баёнотлар» бергани ва «улар бир йўлда эмаслиги аниқ»лигини айтиб ўтди.

Максим Галкин ва унинг рафиқаси Алла Пугачёва Россияни март ойи бошида тарк этди. Хонанда Исроилга даволаниш ва дам олиш учун кетганини тушунтириб, бутунлай кетмоқчи эмаслигини айтди. Пугачёва, Галкиндан фарқли ўлароқ, уруш ҳақида оммавий баёнотлар бермади. У август ойида мамлакатга қайтди, Галкин ҳали ҳам чет элда. 

Режиссёр Никита Михалковнинг танқидига жавобан Анна Пугачёва ўзи иштирокидаги «Муҳаббат қули» филми бош қаҳрамони сўзлари билан жавоб қайтарди: «Жаноблар, жаноблар, сиз - ҳайвонларсиз. Жаноблар, юртингизнинг қарғишига дучор бўласиз, аскарлар».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид