Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада Россия паспортини олганлик учун жазо белгиланди
Украина ҳукумати босиб олинган ҳудудларда Россия паспортини олишга мажбурлаганлик учун амалдорларни 15 йилгача қамашни таклиф қилди.
Украина ҳукумати Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида Россия паспортини олишга мажбурлаганлик учун мансабдор шахсларга жиноий жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳасини келишиб олди. Бу ҳақда 16 сентябр, жума куни бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук хабар берди.
Россия паспортини олган Украина давлат хизматчилари учун қонун лойиҳаси 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади. Украина фуқароларини Россия паспортини олишга мажбурлаш учун 8 йилдан 12 йилгача қамоқ муддати берилади. Худди шу муддат - билвосита мажбурлаш учун, яъни «Россия паспортини олмаслик Украина фуқаросининг ҳуқуқларини пасайтирадиган ёки уни бошқа ноқулай аҳволга соладиган шароитларни яратиш» учун берилади.
«Ушбу янгиликлар душман паспортига эга бўлган давлат хизматчиларига ва Россия паспортини тўғридан тўғри ёки билвосита тарғиб қилувчиларга қарши қаратилган. Қонун лойиҳаси бошқа шахсларга тааллуқли эмас», - дея таъкидлади Верешчук ва янги қонун лойиҳаси меъёрлари биринчи навбатда «паспортлаштириш ташкилотчилари ва уларнинг ёрдамчилари, шу жумладан Россия фуқароларини жазолаш»га қаратилганини қўшимча қилди.
Бош вазир ўринбосари қонун лойиҳаси қабул қилиш заруратини халқаро ҳуқуқда «Украина ҳудудида Россиянинг ноқонуний паспортлаштиришига қарши курашиш бўйича адекват меъёрлар» йўқлиги билан изоҳлади.
Май ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Россия армияси томонидан босиб олинган Украинанинг Херсон ва Запоризка областлари аҳолисини Россия фуқаролигига соддалаштирилган тарзда қабул қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери маҳаллий аҳоли россиялик ҳарбийлар томонидан Россия паспортини олишга мажбурлангани ҳақида бир неча бор айтиб келган.
Июл ойида Путин Украинанинг барча фуқаролари учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган тартиби ҳақидаги яна бир фармонни имзолади. Россия ҳарбий ҳаракатларидан олдин бу тартиб фақат «ДХР» ва «ЛХР» тузилмалари аҳолисига нисбатан қўлланилган.
Мавзуга оид
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
18:11 / 12.06.2026